Самарқанд шаҳрида автотураргоҳ муаммоси қандай ҳал этилади? Ҳоким жавоб берди

Самарқанд шаҳрида автотураргоҳ муаммоси қачон ва қай тариқа ҳал этилиши борасида шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов маълумот берди. У бу ҳақда 8 декабрь куни Самарқанд шаҳар халқ депутатлари кенгашидаги мурожаатида айтиб ўтди, деб хабар бермоқда «Tez News» мухбири Шоҳруҳ Ҳайдаров.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Самарқанд шаҳар ҳокими 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва шаҳарни 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишлари бўйича мурожжат қилди. Йиғилиш давомида Самарқанд шаҳри йўллари, машина қўйиш жойлари, жамоат транспорти ва бошқа масалалар юзасидан савол берилди. Хусусан, шаҳарда автомобиллар қўйиш жойи етишмаслиги, ҳатто шаҳар ҳокимлиги олдида ҳам жой йўқлиги сабаб ҳокимлик йиғилишига келганлар машина қўйишга жой топа олмагани учун жарима тўлашига тўғри келаётганлиги айтилди.

«Дарҳақиқат, шундай муаммо шаҳримизда бор. Самарқандда умумий ҳисобда 119 мингта хонадон ва 60 мингта транспорт воситаси мавжуд. Шаҳарга кириб-чиқадиган автомобиллар билан қўшиб ҳисобланганда кунига 100 мингта транспорт кўчаларимизда ҳаракатланади. Биз бу муаммони ҳал қилиш учун жамоат транспортини ривожлантиришимиз керак. Келгусида шаҳар атрофидаги ҳалқа йўли ва ички йўлларни ўзаро боғлайдиган тизим орқали тўлиқ кўчаларимизни қамраб олишни режалаштирганмиз. Ҳазорадан Сиёб бекатигача кўпроқ жамоат транспортларини қўйишимиз керак», — дея жавоб берди Бобурмирзо Облақулов.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Шунингдек, ҳоким мурожаат давомида кўчаларни кенгайтириш имконияти деярли йўқлигини, бунга сабаб эса Самарқанд UNESCO қарамоғидаги шаҳар ҳисобланишини таъкидлади. Бундан ташқари, у шаҳар бош режасига мувофиқ йирик саноат комплекслари олдида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилишини ҳам айтиб ўтди.

«Кўчаларни ўзимизча бузиб, кенгайтира олмаймиз. Фақат жамоат транспортини кучайтириш ва кўчаларни бир томонлама ҳаракатга ўтказишимиз мумкин. Илгари битта маҳаллада 2-3 та машина бўларди, энди иккиталаб автомобилга эга хонадонлар ҳам бор. Албатта, бу хурсанд қилади, аҳолимизнинг турмуш тарзи ошиб бормоқда. Аммо айнан шу ҳолат тирбандликни ҳам келтириб чиқармоқда. Биз шаҳардан ўтадиган йўлдаги юкламани қисқартирсак, сўнгра автомобил қўйиш жойлари учун майдонлар ажратишимиз мумкин.

Фото: Шоҳруҳ Ҳайдаров / «Tez News»

Бу масалага ҳар томонлама ёндошув керак. Ҳисоб-китобга кўра Самарқандда 146 та қўшимча бекатлар қурилишимиз керак. Шаҳар бош режасига мувофиқ йирик саноат комплекслари олдида кўп қаватли автотураргоҳлар қурилади. Самарқанд шаҳри аҳолиси бир миллиондан ошиш арафасида. Шу бўйича «миллионли шаҳар» концепцияси қабул қилинган ва жойлардаги тирбандликни йўқотиш ишлари амалга оширилмоқда. Агар Самарқанд «миллионли шаҳар» бўлса, йирик сармоя кириб келади, ноухаулар амалга ошади, IT парклар қурилади. Шунга монанд шаҳарни ривожлантириш лозим», — деди Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облақулов.

Маълумот ўрнида, Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илк маротаба ҳокимлар кенг жамоатчиликка 2020 йилда амалга оширилган асосий ишлар якуни ва 2021 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг устувор йўналишларига бағишланган мурожаатнома билан чиқиш қилиб боради.

Аввалроқ Ўзбекистонда кунига қанча фуқаро жамоат транспортидан фойдаланиши маълум қилинганди.

Янгиликлар