Самарқандда бир оиланинг барча аъзолари заҳарланиб, вояга етмаган уч фарзанд ҳалок бўлди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида бир оиланинг беш нафар аъзоси келиб чиқиши номаълум бўлган заҳарланиш оқибатида жабрланиб, оиланинг уч фарзанди вафот этган. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Tez News»

Самарқанд вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси маълумотларига кўра, Гўзал МФЙ Қозоқовул қишлоғида номаълум этиологияли заҳарланиш билан зарарланган оиланинг вояга етмаган уч нафар аъзоси — икки нафар қиз, бир нафар ўғил бола воқеа содир бўлган пайтда вафот этган. Оила бошлиқларининг аҳволи эса оғир.

Вафот этган фарзандлар С.П. (ўғил бола, 8 ёш), М.П. (қиз бола, 4 ёш), Ш.П. (қиз бола, 2 ёшга тўлмаган). Оғир аҳволда қолаётган оила бошлиғи Д.Ж. 34 ёшда, оила бекаси С.Ж. 28 ёшда.

Қайд этилишича, ҳозирда тегишли органлар томонидан ҳолат бўйича суриштирув олиб борилмоқда. Барча тафсилотлар очиқлангач, қўшимча маълумотлар берилади.

Аввалроқ Сирдарёда эр-хотин ис газидан заҳарланиб ҳалок бўлгани ва уларнинг 2 ёшли қизи жонлантириш бўлимига ётқизилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Наманганда 2 киши ароқдан заҳарланиб ўлган.

Янгиликлар