Ис газидан заҳарланишнинг олдини олишда нима қилиш керак? ФВВ тавсияси

АОКАда ўтказилган брифингда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги масъули Самандар Ҳикматуллаев ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш бўйича тавсиялар берди.

Кадр: You Tube

Куз-қиш мавсумида юз бериши мумкин бўлган ёнғин, ҳаво-газ аралашмасининг чақнаши ҳамда ис газидан заҳарланишнинг олдини олиш мақсадида, қуйидагиларга риоя қилиши керак:

  • ташқи ҳимоя қобиқлари шикастланган электр сим ва кабеллардан фойдаланмаслик;
  • электр хўжалигида ортиқча юкланиш ва электр симларнинг қисқа туташувидан содир бўлиши мумкин бўлган ёнғинларнинг олдини олиш лозимлиги сабабли сифат сертификатига эга ҳимоя сақлагичларидан (автоматлардан) фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини тозалаш, созлаш ва уларнинг қоида талаблари асосида ўрнатилиши бўйича хизмат кўрсатувчи махсус ташкилотларга мурожаат қилиш ва улар томонидан лозим даражада хизмат турларининг бажарилишига эришиш;
  • иситиш печларини ҳаддан зиёд қиздириб юбормаслик;
  • газ ва электр иситиш мосламаларини назорат қилишни ёш болаларга топширмаслик;
  • газ таъминоти идоралари мутахассисларини жалб этган ҳолда, газ жиҳозларини тафтишдан ўтказиб, уларга техник хизмат кўрсатилишини ташкил этиш;
  • газ ускуналарини улаш бўйича тартиб-қоидаларга риоя қилиш;
  • ёнувчи материалларни газ плиталари устида қуритмаслик;
  • газ иситиш мосламаларидан хавфсизлик автоматикалари (газнинг ўчиб, қайта келишини назорат қилувчи мослама) орқали фойдаланинг ва уларнинг доимий созлигига эътибор бериш.

Аввалроқ Қашқадарёдаги хонадонда газ портлаши оқибатида икки киши вафот этгани ва Хоразмда она ва унинг 10 ёшли қизи ис газидан заҳарланиб ўлгани хабар қилинган эди. Шунингдек, Бухорода аёл ва унинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этгани маълум қилинган.