Қашқадарёдаги хонадонда газ портлаши оқибатида икки киши вафот этди
Қашқадарё вилояти Қарши шаҳридаги Отчопар маҳалласидаги хонадонларнинг бирида газ чақнаши оқибатида икки киши вафот этди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.
Маълум бўлишича, 6 январь куни соат 08:10 атрофида Қарши шаҳар Отчопар МФЙда жойлашган уйларнинг бирида газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши юзага келган. Оқибатда бинонинг деворлари қулаган.
Воқеа жойига вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг ёнғин-қутқарув гуруҳи зудлик билан етиб бориб, қидирув-қутқарув ишларини олиб борган. Аниқланишича, ушбу ҳодиса оқибатида икки нафар фуқаронинг жасади вайрон бўлган уй ичидан олиб чиқилган.
Шунингдек, ҳодиса жойига Фавқулодда вазиятлар бошқармаси, Ички ишлар бошқармаси, Соғлиқни сақлаш бошқармаси ва Прокуратура ходимлари етиб борган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки терговолди суриштирув ишлари олиб борилмоқда.