Андижондаги «дом»да газ портлаши оқибатида 3 киши шифохонага ётқизилди — видео

Андижон шаҳри Қўшариқ даҳасидаги 24-уйнинг квартирасида 9 декабрга ўтар кечаси ёнғин содир бўлди. Бу ҳақда «Kun.uz» хабар берди.

Фото: «Kun.uz»

Маълум бўлишича, Қўшариқ даҳасидаги 24-А уйнинг 48-хонадонида 9 декабрга ўтар кечаси тахминан соат 01:00 атрофида хонага табиий газ тўпланиб қолган ва уй эгаси чироқни ёққач, чақнаш рўй бериб, ёнғин келиб чиққан. Бу ҳақдаги хабар Андижон вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармаси навбатчилик қисмига келиб тушгач, ёнғин хавфсизлиги ходимлари ҳодиса жойига етиб борган ва соат 01:16 да ёнғин бартараф этилган.

Фото: «Kun.uz»

Маълум қилинишича, ёнғин оқибатида 48-хонадонда яшовчи уч нафар фуқаро турли даражада тан жароҳати олиб, шифохонага ётқизилган. Шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлими бошлиғи ўринбосари, майор Муҳаммадамин Усмоновнинг сўзларига кўра, айни пайтда ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ишлари олиб борилмоқда.

Андижон шаҳри ҳокими ўринбосари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи Моҳинур Қосимова ёнғин оқибатида зарар кўрганлар вилоят ҳокими томонидан тўлиқ бошқа жойга кўчирилиб, уйларини таъмирлаш учун 5 та қурилиш бригадаси иш бошлаганини билдирган.

Фото: «Kun.uz»

Қайд этилишича, бир ҳафта муддат ичида мазкур хонадонлар тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, хонадон эгалари қайта кўчиб киради.

«Мутахассислар билан келиб ўрганганимизда хонадоннинг ичидан газ сўрғич чиқди. Тармоқда босимнинг пасайиб кетиши оқибатида фуқаро газ сўрғичдан фойдаланган. Газ сўрғични резина шланг орқали қўйган. Резина шлангдан газ сизиб чиқиши оқибатида хонадонга ис гази тўлиб, электрни ёққанда чақнаш содир бўлган.

Фото: «Kun.uz»

Ҳозир магистрал қувурларида газ босими озгина пасайиши кузатиляпти. Биз биринчи навбатда шаҳар ҳудудидаги кўп қаватли уйларни газ билан таъминлашга эътибор қаратяпмиз. Кеча кечки пайт меъёрлаштириш ишларини олиб бориб, бу ерда газ таъминотини бир меъёрга келтирганмиз.

Лекин бу газга ҳам қаноат қилмасдан фуқаролар томонидан газ сўрғич қўйиб олиш ҳолатлари кузатиляпти. Кўчада газ тўлдириш шохобчаларини ҳам белгиланган соатда ўчириб, бундан тежаб қолинаётган газ ҳажмини асосан шаҳардаги кўп қаватли уйларга қаратяпмиз», — дейди шаҳар газ бўлими бошлиғи Хуршид Қодиров.

Аввалроқ Янгийўлдаги хонадонда юз берган портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди. Шундан сўнг портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек,зарар кўрган оиланинг уйи ҳокимлик томонидан тўлиқ таъмирлаб берилиши маълум қилинган эди. Тадбиркорлар кўмагида 4 мингта ғишт келтирилиб, туман ҳокимлиги томонидан 6 миллион сўм миқдоридаги қурилиш материаллари ва баннер билан талафот кўрган уй атрофи ўралган.

Янгиликлар