Янгийўлдаги хонадонда юз берган портлаш оқибатида икки киши ҳалок бўлди

Тошкент вилояти Янгийўл туманида 30 ноябрь, душанба куни газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида уй ёниб кетиб, икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 30 ноябрь куни соат 7:42 да Янгийўл тумани Истиқлол кўчаси Қирариқ маҳалласида жойлашган 80-сонли  уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Бирламчи маълумотларга кўра, чақнаш оқибатида уйнинг бир қисми қулаб тушган ва хонадон эгалари вайроналар остида қолган.

«Турар-жойнинг зарар етган қисмидан 1984 йилда туғилган И.С., 1987 йилда туғилган И.Н., 2006 йилда туғилган И.Р. ва 2009 йилда туғилган И.С. олиб чиқилиб, тиббиёт муассасасига юборилган. Чақнаш оқибатида 1984 йилда туғилган И.С., 2006 йилда туғилган И.Р. вафот этган бўлиб, 1987 йилда туғилган И.Н. ва 2009 йилда туғилган И.С. турли даражада тан жароҳатлари олган», дейилади хабарда.

Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, чақнашнинг асосий сабаби сифатида табиий газдан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши тахмин қилинмоқда. Воқеа жойида Тошкент вилояти ҳокимлиги, вилоят ИИБ, ФВБ, ССБ ва тегишли идораларнинг куч ва воситаларини жалб қилинган бўлиб, фавқулодда вазият оқибатларини бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.

Шунингдек, вазирлик фавқулодда вазият рўй бериши сабаблари бўйича маълумот тақдим этишини билдирган.

Аввалроқ Сирдарёда содир бўлган ёнғинда оиланинг икки нафар аъзоси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ҳамда Aндижон шаҳридаги пойабзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққани маълум қилинган.

Янгиликлар