Чиноздаги «Пахта нефтьбазаси»да ёнилғи цистернаси ёниб кетди — фото

Тошкент вилояти Чиноз туманидаги «Пахта нефтьбазаси»да 26 ноябрь куни 5 минг тонна сиғимли ёнилғи цистернаси ёниб кетди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 26 ноябрь куни соат 11:56 да нефтьбазадаги 5 минг тоннали цистерна ёниб кетган. Бир неча дақиқада ёнғин содир бўлган жойга Тошкент вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармасининг 14 та ёнғин-қутқарув экипажи етиб келган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

«Вазият Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тўлиқ назорати остида. Қутқарувчиларнинг сўзларига кўра, ёнғинни тўлиқ бартараф этиш учун тахминан 1 соат вақт кетади», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, айни вақтда қурбонлар тўғрисида маълумотлар келиб тушмаган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати

Шунингдек, Энергетика вазирлиги матбуот хизмати ҳам нефтьбазадаги ёнғин тўғрисида хабар берган. Таъкидланишича, вазир Aлишер Султонов ҳодиса кўлами ва уни бартараф этиш юзасидан кўрилаётган чора-тадбирларни ўрганиш учун воқеа жойига етиб борган.

Фото: Энергетика вазирлиги матбуот хизмати

Aввалроқ Самарқанд шаҳридаги консерва заводи омбори ёниб кетгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ёниб кетгани хабар қилинган.

Кейинчалик Сергелида «Isuzu» ва «Matiz» тўқнашиб, иккиси ҳам ёниб кетгани ҳамда Жиззахда юк автомашинаси ёнгани хабар қилинган.

Янгиликлар