Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ёниб кетди (видео)

Тошкент шаҳри Учтепа туманидаги йирик кийим-кечак дўконида ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.

Маълум қилинишича, Тошкент шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасига соат 08:50 да Учтепа тумани Фарҳод кўчаси бўйлаб жойлашган «Uchtepa Outlet Center» кийим-кечак дўконида ёнғин содир бўлганлиги тўғрисида хабар келиб тушган.

Фото: Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати

«Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг ёнғин-қутқарув гуруҳлари воқеа жойига 3 дақиқадан сўнг этиб келишди. Соат 09:44 да аланга маҳаллийлаштирилди, соат 09:54 да эса тўлиқ ўчирилди», дейилади хабарда.

Қайд этилишича, ёнғинни бартараф этиш жараёнида 10 дан ортиқ махсус техника жалб қилинган. Ёнғин майдони 1500 квадрат метрни ташкил этган. Ёнғин сабабини мутахассислар томонидан ўрганилаётгани маълум қилинди.

Кадр: Telegram

Аввалроқ Aндижон шаҳридаги пойабзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққан эди. Ёнғин оқибатида якка тартибдаги тадбиркорга тегишли пойабзал маҳсулотларини сақлаш омборининг тахминан 110 квадрат метр шифт-том қисми ва омбор ичидаги маҳсулотлар ёниб, зарарланган. Қутқарувчилар омборхона ва унга туташ биноларнинг тахминан 300 квадрат метр том қисми ҳамда бино ичидаги хом ашё маҳсулотларини сақлаб қолган.

Шунингдек, Андижон вилояти Избоскан туманида пахта хирмони ёниб кетди. Мутасаддилар 2 килограмм пахта ёнганини айтди. Кейинчалик, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари Избоскандаги хирмонда 2 килограмм пахта ёнганини тасдиқлади.

Янгиликлар