Видео: Избоскандаги пахта хирмони ёниб кетди. Мутасаддилар 2 кг пахта ёнганини айтмоқда
Ижтимоий тармоқларда Андижон вилояти Избоскан туманида ёниб кетган пахта хирмони ҳақида видео тарқалди. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги вилоят бошқармаси «Tez News»га маълум қилишича, келиб чиққан ёнғин оқибатида 2,2 килограмм пахта ёнган.
ФВБ бошқармаси берган маълумотларга кўра, ёнғин 2 октябрь, жума куни содир бўлган. Айтилишича, ёнғин пахталарни хирмонга тўкувчи махсус қурилма билан электр кабелларида кузатилган қисқа туташув оқибатида келиб чиққан.
«Ёнғин оқибатида жами 2 килограмм 200 грамм пахта ёниб кетган», — дейди Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Андижон вилояти бошқармаси матбуот котиби Сардор Зулунов «Tez News» мухбири билан суҳбатда. Шунингдек, ёнғин оқибатида 2 килограмм 200 грамм пахта ёнгани ҳақидаги маълумотни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати ҳам тасдиқлаган.
Аввалроқ Пешку туманида пахта ортилган юк машинасининг тиркамаси ёниб кетгани ҳақида хабар берилган эди.
Бундан ташқари, Бухорода электр подстанциясида ёнғин содир бўлгани, Сурхондарёда ёқилғи цистернасининг портлаб кетгани, Ёзёвон туманидаги чойхона ва савдо дўконларида ёнғин содир бўлгани ҳақида маълум қилинган.