Янгийўлда газ портлаши оқибатида зарар кўрган уй ҳокимлик томонидан тўлиқ таъмирлаб берилади

Тошкент вилояти Янгийўл туманидаги хонадонда содир бўлган газ портлаши оқибатида зарар кўрган оиланинг уйи ҳокимлик томонидан тўлиқ таъмирлаб берилади. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.

Эслатиб ўтамиз, тумандаги Қирариқ маҳалласи Истиқлол кўчасида жойлашган намунавий лойиҳалар асосида 2016 йилда қурилган 80-сонли уйда 30 ноябрь куни соат 07:42 да газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида уйнинг портлаши ва ёнғин келиб чиқиши натижасида уйнинг юк кўтарувчи деворлари қулаб тушгани ҳақида хабар берилганди.

Таъкидланишича, Янгийўл тумани ҳокими томонидан 30 ноябрь куни мурожаат хати билан «Қувасойцемент» АЖ раисига ушбу хонадонни таъмирлаш учун 25 тонна цемент маҳсулотлари ажратилишида амалий ёрдам сўраб мурожаат этилган. Тадбиркорлар кўмагида 4 мингта ғишт келтирилган. Шунингдек, туман ҳокимлиги томонидан 6 миллион сўм миқдоридаги қурилиш материаллари ва баннер билан талoфaт кўрган уй атрофи ўралган.

Бундан ташқари 4 та сектор раҳбарларининг бошчилигида тадбиркорлар билан ҳамкорликда талафот етган уйнинг кўрилган зарари 100 фоиз қоплаб берилиши маълум қилинган. Ушбу хонадон ва шифохонага айни вақтда ётқизилган жабрланганлар Янгийўл тумани 4 та сектор раҳбарларининг доимий назоратига олинган.

Аввалроқ Афғонистон марказидаги Ғазни шаҳрида юз берган портлаш оқибатида 28 киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Қибрайдаги хонадонларнинг бирида газ портлаши оқибатида ота-бола ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган.

Янгиликлар