Қибрайдаги хонадонларнинг бирида газ портлаши оқибатида ота-бола ҳалок бўлди 

Тошкент вилояти Қибрай туманида 21 ноябрь куни хонадонда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида ота-бола ҳалок бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Таъкидланишича, 21 ноябрь соат 19:16 да Қибрай тумани Гулистон-3 кўчаси 15-уйда газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши содир бўлган. Оқибатда уйнинг бир қисми қулаб тушиб, қолган қисмининг деворлари ва шифти ҳосил бўлган кинетик зарба натижасида деформацияга учраган.

ФВВ томонидан олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари вақтида уй вайроналари остидан соат 19:45 да уй эгаси Х.Н. оғир аҳволда олиб чиқилиб, Тошкент шаҳар 7-сонли клиник касалхонасига ётқазилган. Олиб борилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, бемор соат 20:45 да вафот этган.

Шунингдек, олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида соат 23:06 да уй эгасининг ўғли А.А.нинг жасади топилди. Газ-ҳаво аралашмасининг чақнаши хонадон ёнидан ўтган ерости газ қувуридан табиий газ сизиб чиқиб, хонадоннинг ертўла қисмига тўпланиши ҳосил бўлгани тахмин қилинмоқда.

Воқеа жойига вилоят ҳокимлиги, ФВБ, ИИБ, ССБ, Прокуратура ва бошқа тегишли идораларнинг куч ва воситалари жалб этилиб, ҳозирда авария тиклаш ва суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Аввалроқ Пешкуда «Matiz»га ўрнатилган газ баллони портлагани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар