Янгийўлдаги хонадонда содир бўлган портлаш юзасидан жиноят иши қўзғатилди
Тошкент вилояти Янгийўл туманида 30 ноябрь, душанба куни газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида уй ёниб кетиб, икки киши ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилган эди.
Бош прокуратура матбуот хизматининг «Tez News»га маълум қилишича, мазкур ҳолат юзасидан тузилган тергов-тезкор гуруҳининг дастлабки хулосасига кўра, портлаш ер остидан ўтган юқори босимли газ қувуридан сизиб чиққан газ тўпланиб, ҳаво аралашмаси билан қўшилиб, ёруғлик натижасида содир бўлган.
Ҳолат бўйича Жиноят кодексининг 258-моддаси (қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми «а», «б» бандлари билан жиноят иши қўзғатилган. Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълумот учун, 30 ноябрь куни соат 7:42 да Янгийўл тумани Қирариқ маҳалласи Истиқлол кўчасида жойлашган 80-уйда газ-ҳаво аралашмаси чақнаши оқибатида ёнғин келиб чиққан. Оқибатда 36 ёшли фуқаро ва унинг 14 ёшли И.Р. вафот этиб, 33 ёшли И.Н. ва 11 ёшли И.С. турли жароҳатлар билан касалхонага ётқизилган.
Аввалроқ Сирдарёда содир бўлган ёнғинда оиланинг икки нафар аъзоси ҳалок бўлгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Тошкентда йирик кийим-кечак дўкони ҳамда Aндижон шаҳридаги пойабзал сақлаш омборида ёнғин келиб чиққани маълум қилинган.