Бухорода аёл ва унинг икки фарзанди ис газидан заҳарланиб вафот этди
Бухоро вилояти Когон шаҳрида 23 декабрь, чоршанба куни аёл ва унинг икки фарзанди фуқаро ис газидан заҳарланиши оқибатида вафот этди. Бу ҳақда «Daryo» хабар берди.
Қайд этилишича, Когон шаҳар ички ишлар бўлими навбатчилик қисмига 23 декабрь куни соат 16:50 да шаҳардаги Хўжабарги маҳалласи Фаровонлик кўчасидаги 120-хонадонда ис газидан заҳарланиш оқибатида она ва унинг икки нафар фарзанди вафот этгани ҳақида хабар берилган.
Масъулларнинг воқеа жойига бориб, ҳолатга ойдинлик киритишича, хонадондаги иситиш печининг мўриси мато билан тўсиб қўйилган ва бу ўз-ўзидан ис гази тутунининг ташқарига чиқиб кетишига тўсқинлик қилган. Оқибатда уй ичкарисида ис гази тўпланган ва хонадон эгаси Н.Қ., унинг тўрт ёшли ўғли Б.Ҳ., икки ёшли қизи С.С.нинг ис газидан заҳарланиб вафот этишига сабаб бўлган.
Она ва болаларнинг ўлими билан боғлиқ ҳолатларни аниқлаш мақсадида судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган ва алоқадор шахслардан тушунтириш хати олинган. Шунингдек, Когон шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Аввалроқ Андижонда кўп қаватли уйда газ чақнаши оқибатида бутун оила шифохонага ётқизилгани ҳақида хабар берилганди. Қашқадарёда 13 нафар бола газдан заҳарлангани хабар қилинган.