Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиб вафот этганлар сони очиқланди

Ўзбекистонда 2020 йилда 106 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб вафот этган. Бу ҳақда Президент раислигида ўтаётган йиғилишда маълум қилинди, деб хабар берди ЎзА.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг ўтган даврида табиий газдан заҳарланиш оқибатида 106 нафар фуқаро вафот этган. 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган. Жумладан, 16 декабрь Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб, вафот этгани қайд этилган.

«Президентимиз Янги йил байрами кунлари ёнғин хавфсизлиги, ис газидан заҳарланиш ва чақнашлар билан боғлиқ нохуш ҳолатларнинг олдини олиш бўйича мутасаддилар ҳушёрликни янада ошириши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, ижтимоий соҳа объектлари, айниқса, меҳрибонлик ва мурувват уйлари, мактаб, мактабгача таълим ва тиббиёт муассасаларида ёнғинга қарши профилактика ишларини ўтказиш, уларнинг тайёргарлик жараёнларини янада кучайтириш чораларини кўриш бўйича вазифалар белгиланди», дейилади хабарда.

Аввалроқ «Ҳудудгазтаъминот» раҳбари газдан заҳарланиб ўлаётганлар ҳақида гапиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги 11 ойда ис гази ва газ портлаши туфайли вафот этганлар сони маълум қилинган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда оиланинг 4 нафар аъзоси ва 2 нафар меҳмон иситиш печидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафоти  ва Бухорода газ муаммоси сабаб аҳоли уюштирган норозилик намойиши ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, Сирдарёда ис газидан заҳарланган келин-куёв вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар