Сирдарёда ис газидан заҳарланган келин-куёв вафот этди

Сирдарё вилояти Боёвут туманида ис газидан заҳарланган ёш келин-куёв вафот этди. Бу ҳақда «Сирдарё хабарлари» маълум қилди.

Қайд этилишича, Боёвут туманининг «Қаропчи» маҳалласида яшовчи 25 ёшли Ш.М. ҳамда унинг 21 ёшли турмуш ўртоғи Д.М. қўлбола усулда ясалган печдан чиққан из газидан кучли заҳарланиб, уйида вафот этган.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг дастлабки маълумотига кўра, эр-хотиннинг ўлими ис газидан заҳарланиш оқибатида келиб чиққанлиги қайд этилган. Маълумотларга кўра, вафот этган марҳум ва марҳуманинг турмуш қурганига ҳали бир ой ҳам бўлмаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Боёвут тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Шунингдек, бунга ўхшаш воқеа аввал ҳам кузатилган. Мая Давлатова номли Facebook фойдаланувчиси 12 октябрь куни ёш келин-куёв ис газидан заҳарланиб вафот этганини маълум қилган. Келиннинг аммаси уларнинг тўйи 10 октябрь куни бўлиб ўтгани, тўйдан икки кун ўтиб вафот этгани ҳақида пост қолдирган.

«Ёш гулдек, паридек иболи, ҳаёли, уятчан, ақлли, олий маълумотли 24 ёшли жиянимиздан айрилиб қолдик. Бугун 28 кун бўлди. Ҳар ҳолда ҳамма хабарларда эшитди, ёш келин-куёв газдан заҳарланиб вафот этибди, деб. 10 октябрь куни орзу-ҳавас, хурсандчилик билан тўйлари бўлди. Аммо куёв боланинг уйига бориб, 2 кеча ўтиб иккаласи ҳам газдан заҳарланиб, ётоқхонасида ўлик ҳолда топилди. Қанчалик оғир, қанчалик аччиқ мусибат, ҳали ҳам ўзимизга кела олмаяпмиз. Бу газдан заҳарланиб ўлишлар қачон тугайди? Бу илк ва охиргиси эмас», — деб ёзади у.

Эслатиб ўтамиз, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги аҳолини ис гази хавфидан огоҳлантиргани ҳақида маълум қилинган эди. Шунингдек, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига газ етиб бормаслиги, аммо ўша ерда газ қуйиш шохобчалари фаолият юритаётганини танқид қилган эди.

Янгиликлар