«Маҳаллада газ йўқ, лекин газ ‘заправка’ бор» — Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси

Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 30 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида қўмита раиси Қутбиддин Бурхонов чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига газ етиб бормаслиги, аммо ўша ерда газ қуйиш шохобчалари фаолият юритаётганини танқид қилди. Бу ҳақда мажлисда иштирок этган «Tez News» мухбири хабар берди.

Фото: «Tez News»

Мажлисда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишича, 2020 йилнинг 1 октябрь ҳолатига кўра магистрал газ қувурларининг ҳимоя зоналарида аниқланган ноқонуний қурилмалар жами 2 425 тани ташкил қилади. Уларнинг 1 492 тасини бузиш ёки бошқа жойга кўчириш масаласида судларга киритилган даъво аризаларининг 787 таси қаноатлантирилган бўлиб, Мажбурий ижро бюроси томонидан атиги 178 таси ёки 22,6 фоизининг ижроси таъминланган.

Фото: «Tez News»

Аниқланган ноқонуний қурилмаларни бузиш ёки бошқа жойларга кўчириш бўйича суд органларига ўрнатилган тартибда даъво аризаларини тақдим этиш ва уларни таҳлил қилиб бориш ишлари «Ўзтрансгаз» АЖ томонидан ўз ҳолига ташлаб қўйилган.

Фото: «Tez News»

Бундан ташқари, мажлисда чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига газ етиб бормаслиги, аммо ўша ерда газ қуйиш шохобчалари фаолият юритаётгани танқид қилинди.

Фото: «Tez News»

«Фақат пандемия даврида эмас, ўзи умуман газ борми йўқми? Унинг устига жарақлатиб газ сотиляпти. ‘Заправка’лар ишлаяпти. Маҳаллада газ йўқ, лкеин газ ‘заправка’ бор. Улар ҳам қаердандир — 10—20 километр узоқликдан олиб келиб маза қилиб юрибди. Бу ёқдаги 3000—5000 аҳоли касал бўлиб ётибди. Ҳали қишда грипп кучаяди. Шунинг учун айтаман, бизга ‘заправка’лар керак эмас. Масалан, яқинда битта ‘заправка’ қурилди. Айнан шу маҳалланинг ўзида газ йўқ», — дейди Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси раиси Қутбиддин Бурхонов.

Эслатиб ўтамиз, Қўмита томонидан навбатдаги ялпи мажлис кун тартибига Бош вазир ўринбосарининг ахборотини эшитиш масаласини киритиш тўғрисида Сенат Кенгашига таклиф киритиш юзасидан қарор қабул қилинди.

Аввалроқ мазкур йиғилишда Сенатор Ўзбекистондаги газ қувурларининг СССР давридан буён алмаштирилмаганини танқид қилгани ҳақида хабар берилган эди.