Сенатор Ўзбекистондаги газ қувурларининг СССР давридан буён алмаштирилмаганини танқид қилди
Олий Мажлис Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг 30 октябрь куни бўлиб ўтган мажлисида қўмита раиси ўринбосари, сенатор Толиб Мадумаров марказий қувурлар СССР давридан буён алмаштирилмаганини танқид қилди, деб хабар берди «Tez News» мухбири.
Мажлисда табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.
Таъкидланишича, бугунги кунда «Худудгазтаъминот» АЖ тасарруфида республика бўйича жами 89172,1 км газ қувурлари мавжуд бўлиб, ушбу қувурларининг 20 525,3 км қисми 10 йилгача, 25 729,2 км қисми 10—25 йилгача, 42 917,5 км қисми эса 25—30 йиллар ва ундан ортиқ муддат фойдаланиб келинмоқда. Шунингдек, 25—30 йиллик газ қувурларини алмаштириш имкони бўлмаётган пайтда фойдаланувга яроқли бўлган газ қувурларини асраш чоралари кўрилмаган.
Маълумотларга кўра, «Худудгазтаъминот» АЖ тасарруфидаги газ ростлаш пунктларининг сони 80 334 тани ташкил этади. Улардан 40 минга яқини 20—30 йилдан ортиқ муддатда ҳам алмаштирилмаган.
«Марказий қувурлар алмашмаганига 30—40 йил бўлди. Бу ‘Союз’ пайтидаги қувурлар-да?! Нега алмашмаган? 30 йилгача нима қилдингиз? Газнинг пули қани? Аҳоли газга пул тўлаяпти-ку. МИБ талаб қиляпти-ку?! Машинасигача олиб қўйяпти-ку тўламаган одамнинг! Шунча пул қани? Мана шунга жавоб беринг. Биз нима учун сизни ўрганяпмиз? Қайси масалангизни муҳокамага чақирайлик?», — дейди сенатор Толиб Мадумаров.
Қайд этилишича, биргина Тошкент вилоятининг Тошкент туманида жойлашган «Тошкенттумангаз» газ таъминоти бўлими балансидаги 1155 та газ ростлаш пунктларига техник хизмат кўрсатиш учун 7 та чилангар бириктирилган бўлиб, ҳар бир чилангарга 155—165 тадан газ ростлаш пунктлари тўғри келмокда. Оқибатда табиий газ босими кўтарилиб кетиши ёнғин келиб чиқишига сабаб бўлмоқда. Белгиланган тартибга кўра куз-қиш мавсумларида газ ростлаш пунктларига хизмат кўрсатувчи чилангарлар камида ҳар икки кунда бир маротаба назоратдан ўтказишлари лозим.
Бундан ташқари, 2020 йил январь—февраль ойларида мазкур ҳудуд аҳолисининг ҳар бир оиласи ойида 20 килограммдан суюлтирилган газ билан таъминланиши лозим бўлса-да, «Ҳудудгаз Тошкент» МЧЖ томонидан тасдиқланган тақсимот режасига асосан ҳар бир оилага 12,2 килограммдан газ етказилган.
Шу билан бирга, мажлис давомида Вазирлар Маҳкамасига табиий газ қувурлари тизимининг ҳолати ва ушбу соҳага оид қонун ҳужжатларининг ижро этилиши юзасидан юборилган парламент сўровида белгиланган масалалар, муаммо ва камчиликларни бартараф этиш бўйича ҳукумат томонидан қабул қилинган чора-тадбирлар дастури ижросини таъминлашга юзаки ёндашилгани кўрсатиб ўтилди.
Аввалроқ Бухорода Когондаги еттита корхона газ таъминотига салкам 519 миллион сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқлангани, Пахтаободда салкам 51 миллион сўм қарзи бўлган 81 та хонадон газдан узилгани хабар қилинганди.
Шунингдек, Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи ва Пайариқда жами 184 миллион сўм қарзи бўлган 164 истеъмолчи газ тармоғидан узилгани маълум қилинганди.