Когондаги еттита корхона газ таъминотига салкам 519 млн сўмдан ортиқ зарар етказгани аниқланди
Бухоро вилояти Когон туманидаги бир қатор ишлаб чиқариш корхоналарида «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали томонидан рейд тадбирлари ташкил этилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар қилди.
Хабарга кўра, ўрганишлар давомида баъзи истеъмолчиларнинг турли баҳоналарни важ қилиб, бир қанча кубометрлаб сарфланган газ учун тўловларни вақтида амалга оширмагани, бундан ташқари, газ тармоғидан ноқонуний фойдаланиб, газ ҳисоблаш ускунасига ташқи таъсир ўтказиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланган.
Хусусан, Когон тумани Aмиробод массивида жойлашган «Баҳора-AФИФ» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш корхонасининг 9 cентябрь куни газдан фойдаланиш ҳолати ўрганилганда, МЧЖ раҳбари электрон газ ҳисоблаш ускунасида мавжуд босим ростлаш жўмракларининг иккинчи жўмраги қастдан ёпиб қўйилганлиги натижасида газ ҳисоблаш ускунасининг ҳақиқий босимни инобатга олиб, газ сарфини ҳисоблашига тўсқинлик қилинганлиги аниқланди. Бу эса фуқаронинг белгиланган қоидаларга амал қилмай, 67 392 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланганлиги, газ таъминоти корхонасига эса 67 миллион сўм миқдорида зарар келтирганлиги аниқланган.
Шунингдек, «Шахзод, Тимур, Шахриёр келажаги» МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш корхонасида ҳам шундай қоидабузарликлар кузатилди. Мазкур объект истеъмолчиси табиий газ ҳисоботларини юритиш учун ўрнатилган электрон газ ҳисоблаш ускунасида мавжуд «заҳира туйнук» орқали пўлат жисм билан электрон газ ҳисоблаш ускунасиннг механик қисмини тўхтатиб қўйган. Натижада эса 120 355 метр куб табиий газ ҳисобга олинмай, ундан ноқонуний фойдаланилган.
Aниқланишича, тумандаги «Фаровон», «Фарруҳ», «Гулруҳ, Бобир», «Рустамбек Ҳасан-Ҳусен», «Бекзод, Музаффар, Хуршид», МЧЖга қарашли оҳак ишлаб чиқариш корхоналарида ҳам шу каби қонунбузарликлар аниқланган.
Маълум қилинишича, Когон туманида 7 та ишлаб чиқариш корхонаси жами 519 197 метр куб табиий газдан ноқонуний фойдаланган. Бу эса газ таъминотига 519 миллион сўмдан ортиқ зарар етказилганини кўрсатган.
Хабарда айтилишича, юқорида қайд этилган ҳолатлар бўйича барча материаллар ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларига топширилди. Aйни пайтда вилоятнинг барча ҳудудларида шу каби бошқа ҳолатларни аниқлаш бўйича ўрганишлар давом этмоқда.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг табиий газ танқис ҳудудларига 385 минг тонна суюлтирилган газ етказиб берилиши, куз-қиш мавсумида Наманган вилояти истеъмолчиларига табиий газ етказиш ҳажми салкам 25 фоизга оширилиши хабар қилинган эди.