Президент марҳум давлат арбоби Исмоил Жўрабеков оиласига ҳамдардлик билдирди

Президент Шавкат Мирзиёев, давлат ва жамоат арбоби, Ўзбекистон сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси Исмоил Жўрабековнинг вафоти юзасидан таъзияли хонадонга ташриф буюрди.

Давлат раҳбари томонидан марҳумнинг эзгу ишлари, ватанга хизматлари ёдга олиниб, Қуръон тиловат қилиниб, дуо ўқилди.

Исмоил Жўрабеков 1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида ишчи оиласида туғилган. Меҳнат фаолияти давомида сув хўжалиги соҳасида масъул лавозимларда меҳнат қилиб, республикамизда ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшди. 1985 йилда Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши раисининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди.

Мустақиллик йилларида И.Жўрабеков Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари, давлат сув назорати бошлиғи, Ўзбекистон президентининг давлат маслаҳатчиси лавозимларида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Сўнгги йилларда И.Жўрабеков, сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида хизмат қилиб, Янги Ўзбекистонни барпо этишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда фаол иштирок этди, — деб таъкидланди.

Давлат ва жамоат арбобининг ватан олдидаги хизматлари муносиб баҳоланиб, у «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор» фахрий унвони ҳамда давлатнинг бир қатор юксак мукофотлари билан тақдирланган эди.

Шавкат Мирзиёев марҳумнинг фарзандлари ва яқинларига ҳамдардлик билдириб, сабр-тоқат тилади.

Ўзбекистон