Ўзбекистондаги барча масжидларда ёмғир сўраб жамоавий намоз ўқилади
Мамлакат бўйича барча масжидларда ямғир сўраб истисқо намози ўқилади. Бу ҳақда Мусулмонлар идораси матбуот хизмати хабар берди.

Жорий йилда куз фасли ёмғирсиз ўтаётгани, келгуси кунларда ҳам ёғингарчилик кутилмаётгани, ёмғир эса ризқу рўз, мўл-кўлчилик омили экани таъкидланди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Шайх Нуриддин Холиқназар ҳазратлари ташаббуслари билан 28 ноябр куни жума намозидан кейин мамлакатдаги барча масжидларда истиғфор ила ёмғир сўраб, жамоат билан икки ракат истисқо намози ўқилади, — дейилади хабарда.
Шунингдек, вилоятлар, туман-шаҳарлар марказий масжидлари ва зиёратгоҳларда жонлиқлар сўйилиб, ёрдамга муҳтож оилалар, етим-есирлар, бева-бечоралар, мискинлар, боқувчисини йўқотган кексаларга тарқатилади.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси тасарруфидаги Олий ва ўрта махсус ислом таълим муассасалари устоз ва талабалари томонидан Имом Бухорий «Саҳиҳи Бухорий» асари шу йил 28 ноябр куни жума намозига қадар хатми кутуб қилиниши билдирилди.





