Адлия вазирига янги ўринбосарлар тайинланди
Махмуд Шухратович Истамов Ўзбекистон адлия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланди, дея хабар берди Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Тегишли тайинлов Президент Шавкат Мирзиёевнинг фармонида кўзда тутилган.
Махмуд Истамов 1979-йилда Бухоро вилояти, Бухоро шаҳрида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси. 2000-йилда Тошкент давлат юридик институтини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2000-йилда Адлия вазирлиги Идоравий меъёрий ҳужжатларни давлат рўйхатидан ўтказиш бошқармаси катта маслаҳатчиси лавозимида бошлаган.
Кейинчалик мазкур бошқармада бош маслаҳатчиси, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари бўлган.
2004-2005-йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Ҳуқуқий ахборот билан таъминлаш маркази раҳбари, 2005-2006-йилларда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг амалга оширилиши устидан мониторинг қилиш маркази бўлим бошлиғи лавозимларида ишлаган.
Тайинловга қадар (2025-йилдан) Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг ўринбосари лавозимида фаолият кўрсатган.
Шунингдек, президентнинг тегишли қарори билан Аллакулиев Миржалол Давранбекович адлия вазирининг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Миржалол Аллакулиев 1988-йилда Хоразм вилояти, Хива туманида туғилган. Маълумоти олий, ҳуқуқшунос, 1-даражали адлия маслаҳатчиси.
2012-йилда Тошкент давлат юридик институтини бакалавр босқичини, 2014-йилда магистратура босқичини, 2024-йилда Банк-молия академиясининг магистратура босқичини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини 2008-йилда Адлия вазирлиги раҳбарият қошидаги аппаратнинг қабулхона котиби лавозимида бошлаган.
Тайинловга қадар (2022-йилдан) Адлия вазирлиги Қонунчилик департаменти бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.





