Пайариқда жами 184 млн сўм қарзи бўлган 164 истеъмолчи газ тармоғидан узилди
Самарқанд вилояти Пайариқ туманида қарзи 1 миллион сўмдан кўп бўлган хонадонлар газ тармоғидан узилаётгани маълум қилинди. Бу ҳақда туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, 1 сентябрдан 10 октябрига қадар «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалининг «Пайариқтумангаз» бўлими томонидан тумандаги 164 истеъмолчи қарздорлиги боис тармоқдан узиб қўйилган. Таъкидланишича, мазкур хонадонларнинг умумий қарзи 184 миллион сўмга етган.
Аммо 69 та хонадон жами 89 миллион 547 минг сўм қарзини тўлаб, тармоққа қайта уланган.
Шунингдек, туманннинг 17 та маҳалласидаги 89 та хонадонга қарздорлик бўйича огоҳлантириш хатлари юборилган.
Бундан аввал Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилгани ҳақида хабар қилинган эди. Кейинчалик Пастдарғомда газдан қарздор 374 та истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилгани маълум қилинганди.