Пастдарғомда газдан қарздор 374 та истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди (фото)

Самарқанд вилояти Пастдарғом туманида газдан қарздор 374 та истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.

Фото: «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Хабарга кўра, «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали томонидан барча ҳудудларда фойдаланилган табиий газдан қарздор аҳоли хонадонлари ва улгуржи истеъмолчиларга қарздорлик ҳақидаги огоҳлантириш хатлари юборилган. Қарздорлиги 1 миллион сўмдан кўп бўлган аҳоли хонадонлари тармоқдан узилган.
Шунингдек, 2020 йилнинг 1 сентябридан 8 октябригача «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиалининг «Пастдарғомтумангаз» бўлими томонидан 374 та истеъмолчи 554 миллион қарздорлиги сабабли тармоқдан узиб қўйилган. Шулардан 248 та хонадон жами 224 миллион сўм тўловни амалга ошириб тармоққа қайта уланган.

Фото: «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Қайд этилишича, улгуржи истеъмолчилардан 37 та корхона 679 миллион сўм қарздорлиги сабаб тармоқдан узилган эди. Уларнинг 13 таси 202 миллион сўм қарздорлигини тўлаганлиги боис тармоққа қайта уланган.

Фото: «Ҳудудгаз Самарқанд» газ таъминоти филиали матбуот хизмати

Аввалроқ Самарқанддаги барча хонадонларга 2021 йил 1 августгача электрон газ ҳисоблагичлар ўрнатилиши, Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилгани ҳақида хабар қилинганди.

Янгиликлар