Самарқанд шаҳрида 42 нафар улгуржи истеъмолчи газ тармоғидан узиб қўйилди

Самарқанд шаҳрида ўтказилган тадбир давомида 509 та улгуржи истеъмолчининг 3 миллиард 310 миллион сўм дебитор қарздорлиги аниқланди. Натижада 42 улгуржи истеъмолчи табиий газ тармоғидан узилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Самарқанд» филиали ахборот хизмати «Tez News»га маълум қилди.

Фото: «Ҳудудгаз Самарқанд» филиали ахборот хизмати

Таъкидланишича, Самарқанд вилоятида табиий газ назорати ва ҳисобини юритишнинг автоматик тизимини жорий этиш ҳамда фойдаланилган табиий газ учун тўловларни ундиришнинг ҳозирги ҳолати вилоят ҳокими ва сектор раҳбарлари, «Ҳудудгаз Самарқанд» масъулияти чекланган жамияти мутасаддилари иштирокида муҳокама қилинди.

Қайд этилишича, «Ўзнефтгазинспекция» Самарқанд вилоят ҳудудий бўлими томонидан тузилган ишчи гуруҳ 29 cентябрдан 6 октябргача вилоятда табиий газ истеъмолида мавжуд қарздорликни қисқартириш ва ноқонуний фойдаланишнинг олдини олиш мақсадида ўрганиш ишларини амалга оширди. Тадбир давомида биргина Самарқанд шаҳрида 509 та улгуржи истеъмолчининг 3 миллиард 310 миллион сўм дебитор қарздорлиги аниқланди. Натижада 42 улгуржи истеъмолчи табиий газ тармоғидан узилди, 198 тасидан 1 миллиард 750 миллион сўм ундирилди. 17 та қарздор улгуржи истеъмолчи бўйича иқтисодий судларга даъво аризалари киритилди.

Шунингдек, аҳоли хонадонида табиий газдан фойдаланиш ва тўловни амалга ошириш ҳолати ўрганилиб, 695 та йирик истеъмолчи тармоқдан узиб қўйилди. Уларнинг 40 нафарига нисбатан суд идораларига даъво аризалари киритилди. Бир ҳафта давомида қарздорлардан 483 миллион сўм ундирилган.

Мулоқот чоғида вилоят ҳокими Эркин Турдимов аҳоли томонидан ижтимоий тармоқлар орқали билдирилаётган табиий ва суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларга ҳам соҳа масъуллари алоҳида эътибор қаратиши кераклигини таъкидлади. Жумладан, уч ойдан буён газ баллони етказилмаган Пахтачи тумани «Фай» маҳалласи аҳолиси ҳамда Самарқанд шаҳридаги Aлишер Навоий кўчасидаги хонадонларда табиий газ босими кескин пасайгани бўйича аҳоли мурожаатларига нега жавоб берилмаётганига изоҳ сўради.

Вилоят ҳокимлиги ишчи гуруҳи томонидан автомобилларга сиқилган газ тўлдириш шохобчаларида ўтказилган мониторинг давомида ушбу ҳафтада табиий газ назорати ва ҳисобини автоматик юритиш тизимидан узилишлар сони аввалгисига нисбатан камайгани кузатилган. 2 октябрдан буён вилоятдаги 34 та газ тўлдириш шохобчаси табиий газ назорати ва ҳисобини автоматик юритиш тизимидан узилган. Буни масъуллар Тошкент шаҳрида жойлашган сервер қурилмаси ишламай қолгани билан изоҳлади ва барча маълумотлар 10 октябргача қайта тикланишини билдирди.

Муҳокама жараёнида Самарқанд ва Каттақўрғон шаҳридаги барча юридик шахсларни 1 ноябргача янги автоматлаштирилган тизимга улаш бўйича кўрсатма берилди.

Aввалроқ Самарқанд шаҳар ҳокими 6,5 миллион сўмдан ортиқ қарзи бор ошхонани электр таъминотидан уздиргани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар