Бухорода газ муаммоси сабаб аҳоли уюштирган норозилик намойиши бўйича маълумот берилди

Бухоро ва Қоракўл туманида 9–10 декабрь кунлари газ ва электр таъминотидаги узилишлардан норози бўлган аҳоли намойиш ташкил қилгани маълум қилинганди. «Hududgaz Buxoro» газ таъминоти филиали матбуот хизмати ушбу вазиятга муносабат билдириб, воқеанинг келиб чиқиш сабаблари ва бартараф этиш ҳолатлари юзасидан маълумот берди.

Қайд этилишича, 9 декабрь куни Бухоро туманининг Шергирон, ҳозирги Работипоён маҳалласидаги Шалғамхўрон ҳамда Қутисоз қишлоқларида, шунингдек, Қоракўл туманининг Дўстлик маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари газ таъминоти тизимидаги муаммолардан норозилигини билдириб, кўчага чиқишган. Аниқроқ айтганда Жондор автостанцияси яқинидаги автомобил йўлининг қатнов қисмини, худди шундай, М–37 автомагистралининг Қоракўл тумани Дўстлик маҳалласидан ўтган қисмини тўсишга уринган.

Мазкур воқеалар сабабларига ойдинлик киритиш мақсадида ўша кунннинг ўзидаёқ «Hududgaz Buxoro» газ таъминоти филиали мутасаддилари, вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари ҳамда секторлар раҳбарлари биргаликда маҳаллий аҳоли вакиллари билан учрашиб, уларнинг шикоятларини тинглаган.

«Ўрганиш якунларига кўра, шу кунларда ҳаво ҳароратининг тушиб кетгани сабабли Бухоро туманидаги аҳоли пунктларини табиий газ билан таъминлашда тармоқда босимнинг кескин пасайиши кузатилган. Бундай вазият Соҳибкор газ тақсимлаш станциясидаги иккинчи жўмракнинг ёпилганлиги туфайли келиб чиққан бўлиб, натижада ҳудудга табиий газ етказиб берувчи қувурларда босим 6 дан 1,8 атмосфера симоб устунига тушган.

Фото: «Hududgaz Buxoro» матбуот хизмати

Бунинг оқибатида ҳудуддаги 1,3 мингдан зиёд аҳоли хонадони газ таъминотида муаммога дуч келган. Ўрганишдан сўнг аҳоли мурожаати ҳал қилиниб, газ тақсимлаш станциясининг иккинчи жўмраги очилди ва табиий газ таъминоти барқарор изга тушган», дейилади хабарда.

Шунингдек, Қоракўл туманининг айни пайтда 762 та хонадони яшаётган Дўстлик МФЙда ҳам шу каби ҳолат қайд қилинган. Таъминотчи томони — Когон магистрал газ қувурлари бошқармасига қарашли Қоракўл газ тақсимлаш станциясидан тумандаги истеъмолчиларга 6 атмосфера симоб устуни босими остида етказиб берилаётган табиий газни тақсимлаш станциясидаги 2-рақамли жўмрак орқали 1,8-2 атмосфера симоб устунига қисқартирилганлиги  натижасида аҳоли хонадонларидаги кундалик газ таъминоти тўхтаб қолган. Оқибатда аҳоли истеъмолчиларининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.

Қайд этилишича, ўрганиш давомида бевосита фуқароларнинг табиий газ истеъмолидан қарздорлиги билан боғлиқ муаммолари ҳам таҳлил қилинганда Бухоро тумани Дўстлик МФЙда яшовчиларнинг бугунга қадар газдан қарздорлиги 210 миллион сўмдан ортган.

Фото: «Hududgaz Buxoro» матбуот хизмати

«Ҳудудда аҳоли томонидан ўзбошимчалик билан қувурларга қўлбола услубда ясалган қурилмалар ўрнатилгани, тармоққа сунъий таъсир кўрсатилаётгани муаммоларни келтириб чиқараётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас. Шу куннинг ўзида тезкор гуруҳ томонидан газ тармоғи қатъий назоратга олинди ва табиий газ босими меъёрлаштирилди.

Аммо Дўстлик МФЙда истиқомат қилаётган истеъмолчиларнинг ҳам айни кунда газдан қарзи 45 миллион сўмдан ошиқроқ. Шу боисдан маҳаллий аҳоли ўртасида истеъмолчи маданиятини шакллантиришга эътибор оширилиб, тушунтириш ишларига фаоллар ва қишлоқ оқсоқоллари ҳам жалб қилинди», дейилади «Hududgaz Buxoro» хабарида.

Аввалроқ Оҳангаронда 3500 дан ортиқ хонадоннинг бир ойлик истеъмол газини ўғирлаган корхона аниқланганди. Шунингдек, Тошкентдаги 3 та цех кунига 500 та хонадонга етадиган газ сарфлаётгани маълум қилинганди.