Қашқадарёда 13 нафар бола газдан заҳарланди

Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида 13 нафар ўсмир ис газидан заҳарланди. Бу ҳақда вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: «Tez News»

Маълум қилинишча, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қашқадарё филиалига 19 декабрь куни соат 06:50 да ис газидан заҳарланган жами 13 нафар ўсмир келтирилган.  Дастлабки маълумотларга кўра, Қарши шаҳридаги хусусий ўқув марказларидан бирига тегишли ётоқхонада газ билан ишлайдиган иситиш қозонидаги носозлик мазкур нохуш ҳодисага сабаб бўлган.

Ўсмирларнинг ҳаммаси ўғил бола. Уларнинг энг кичиги 11, энг каттаси 14 ёшда. 3 нафари оғир, 5 нафари ўрта оғир ҳолда шифохонага келтирилган бўлса, қолганларига амбулатор шароитда тиббий ёрдам берилган. Кўрсатилган тиббий хизматдан кейин уларнинг барчасининг аҳволи яхшиланган.

Аввалроқ «Ҳудудгазтаъминот» раҳбари газдан заҳарланиб ўлаётганлар ҳақида гапиргани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Ўзбекистонда сўнгги 11 ойда ис гази ва газ портлаши туфайли вафот этганлар сони маълум қилинган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистонда оиланинг 4 нафар аъзоси ва 2 нафар меҳмон иситиш печидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафоти  ва Бухорода газ муаммоси сабаб аҳоли уюштирган норозилик намойиши ҳақида маълумот берилганди. Шунингдек, Сирдарёда ис газидан заҳарланган келин-куёв вафот этгани хабар қилинган.

Янгиликлар