Ўзбекистонда инсонлар нима сабабдан ис газидан заҳарланиши маълум бўлди

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати раҳбари ўринбосари 7 январь куни АОКАда ўтказилган брифингда ис газидан заҳарланиш ҳолатлари, уни олдини олиш бўйича кўрилаётган чоралар хусусида маълумот берди.

Кадр: YouTube

Ис гази — рангсиз, ҳидсиз, кўп учрайдиган заҳарли бирикма бўлиб, табиий газ, ёқилғи, кўмир, ўтин чўғлари тўлиқ ёнмаслиги ёки чала ёниши оқибатида вужудга келади. Таҳлилларга кўра, ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг аксарияти қуйидаги сабаблар:

  • фуқаролар томонидан газ ва муқобил ёқилғи (кўмир, ўтин ва бошқа) турларидан фойдаланишда хавфсизлик чораларига риоя этмаслик;
  • ностандарт (қўлбола ясалган) ёки сертификатга эга бўлмаган иситиш печлари ва анжомларидан фойдаланиш;
  • иситиш печларининг дудбуронларини нотўғри ўрнатиш;
  • газ ёки бошқа муқобил ёқилғига мослаштирилган иситиш печлари (анжомлари)ни дам олиш (ухлаш) хоналарига олиб кириш кабилар юзага келмоқда.

Шунингдек, Самандар Ҳикматуллаевнинг айтишича, ҳаво алмашмайдиган хоналарни иситишда очиқ олов (кўмир ва ўтин чўғлари)дан фойдаланиш, ҳавони алмаштирувчи шамоллатиш шахталари ёки туйнукларни беркитиб (тўсиб) қўйиш ҳам ис газидан заҳарланиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда.

Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 2020 йилда ис газидан заҳарланиб вафот этганлар сони 106 нафарни ташкил этган. Шунингдек, 190 нафари заҳарланган ва куйиш тан жароҳати олган. Жумладан, 16 декабрь Тошкент вилоятининг Янгийўл туманида 3 нафар фуқаро ис газидан заҳарланиб, вафот этгани қайд этилган.

Аввалроқ Хоразмда она ва унинг 10 ёшли қизи, Бухорода аёл ва унинг икки фарзанд ҳамда Қорақалпоғистонда оиланинг 4 нафар аъзоси ва 2 нафар меҳмон иситиш печидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар