Қорақалпоғистонда оиланинг 4 нафар аъзоси ва 2 нафар меҳмон иситиш печидан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди

Қорақалпоғистоннинг Хўжайли туманида 9 декабрь куни оиланинг 4 нафар аъзоси ва меҳмонга келган 2 нафар шахс уйни иситиш учун ўрнатилган печдан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этди. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси ахборот хизмати хабар қилди.

Фото: «Tez News»

Хабарга кўра, воқеа 9 декабрь куни соат 17:00 ларда Хўжайли тумани Саманкол овулидаги хонадонларнинг бирида содир бўлган. Ушбу хонадонларнинг бирида яшовчи Г.Ю. ва A.Р., уларнинг 2009 ва 2013 йилда туғилган фарзандлари, шунингдек, ушбу хонадонга меҳмон бўлиб келган 2 нафар фуқаро уйни иситиш учун ўрнатилган печдан чиққан ис газидан заҳарланиб вафот этган.

Маълум қилинишича, ҳозирда ушбу ҳолат бўйича Хўжайли тумани прокуратураси томонидан тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда. Тергов ҳаракатлари Қорақалпоғистон Республикаси прокуратураси томонидан назоратга олинган.

Aввалроқ Сирдарёда бир оиланинг тўрт нафар аъзоси ис газидан заҳарланиб вафот этгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, Сирдарёда ис газидан заҳарланган келин-куёв вафот этгани ҳақида хабар берилганди.