Қозоғистон хорижликлар учун бензин нархини оширмоқчи

Қозоғистон ички бозорда ёқилғи балансини сақлаш ва “кулранг” экспорт хавфини минималлаштириш мақсадида хорижликлар учун Аи-92, Аи-93 бензин ва дизель ёқилғиси нархларини оширмоқчи.

Евросиё иқтисодий иттифоқи мамлакатлари орасида Қозоғистон ёқилғи-мойлаш материалларининг энг паст нархларига эга, бу эса нефть маҳсулотларининг бошқа мамлакатларга тарқалиши ва “кулранг” экспорт хавфининг юқори бўлишига олиб келади. Шу боис Энергетика вазирлиги хорижий фуқаролар учун қуйидаги нархларни белгиламоқчи: Аи-92 ва Аи-93 бензини – литри учун 245 тенге (6 900 сўмдан зиёд), дизель ёқилғиси (ёзги, мавсумдан ташқари) учун – 315 тенге (8 900 сўмдан ортиқ).

Қозоғистонда ҳайдовчилик гувоҳномасини олган ва транспортини рўйхатдан ўтказгани тўғрисида гувоҳномага эга фуқаролар учун нархлар ўзгармайди: бензин литри учун 205 тенге (5 700 сўмдан ортиқ) ва дизель ёқилғиси литри учун 295 тенге (8 300 сўмдан зиёд).

Якуний қарор манфаатдор томонларнинг таклифларини инобатга олган ҳолда барча тартиб-қоидалар бажарилгандан кейин қабул қилинади.

Янгиликлар