Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон давлат ташрифи билан Ўзбекистонга келади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Тожикистон етакчиси Эмомали Раҳмон 26-27 март кунлари давлат ташрифи билан мамлакатда бўлади.

Ташриф доирасида олий даражадаги музокаралар ҳамда Ўзбекистон ва Тожикистон етакчилари раислигида Олий давлатлараро кенгашнинг биринчи йиғилиши бўлиб ўтади.
Бўлажак тадбирлар кун тартибидан Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик ва яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш масалалари ўрин олган.
Сиёсий мулоқотни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодий ва ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперацияси ҳамдатранспорт соҳасида ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, сув ва энергетика хавфсизлигини таъминлаш ҳамда кенг кўламли маданий ва гуманитар алмашинувларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилади.
Давлат раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар ҳамда кўп томонлама форматлар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашадилар.
Шунингдек, бир қатор янги қўшма лойиҳаларни ишга тушириш кўзда тутилган, кўп қиррали ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган икки томонлама ҳужжатларнинг салмоқли тўпламиимзоланиши режалаштирилган.



