Ўзбекистон аҳолиси фавқулодда вазиятлар ҳақида масжидлар орқали огоҳлантирилади

БМТ Тараққиёт Дастури Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан ҳамкорликда фавқулодда вазиятларда аҳолини эрта огоҳлантириш тизими қамровини кенгайтиришга қаратилган инновацион техник ечимни жорий этди.

Қайд этилишича, ушбу ташаббус доирасида аҳоли пунктларига яқин жойлашган масжидларга махсус ускуналар ўрнатилмоқда. Бу эса ФВВнинг тезкор хабарларини масжидларнинг ташқи овоз кучайтиргичлари орқали узатиш ҳамда ахборотни кенг жамоатчиликка тезкор етказиб беради.

Бугунги кунга қадар ускуналар Жиззах, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларидаги 272 та масжидда ўрнатилган.

Масжидларнинг танланиши бежиз эмас: улар анъанавий равишда маҳаллий аҳоли орасида катта таъсирга эга бўлган нуфузли ижтимоий институтлар сифатида қаралади. Бундан ташқари, масжидлар деярли барча аҳоли пунктларида жойлашган бўлиб, 500 метрдан 2000 метргача эшитилиш радиусини таъминлайдиган юқори қувватли ташқи овоз кучайтиргичлар билан жиҳозланган, — дейилади хабарда.

Лойиҳа ҳисоб-китобларига кўра, масжидлар орқали огоҳлантириш тахминан 6,5 миллион нафар аҳолини, жумладан аёллар, эркаклар, болалар ва аҳолининг заиф қатламларини қамраб олиш имконини беради.

Мазкур огоҳлантириш каналининг қўшимча афзаллиги, мобил алоқа ва электр таъминотида узилишлар юзага келган тақдирда ҳам тезкор хабарларни узатиш мумкинлиги билдирилди.

Ўзбекистон