Ўзбекистонда бўлажак АЭС майдончасида дастлабки бетонлаш ишлари бошланди

Бугун, 24-март куни Тошкент шаҳрида ва Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак АЭС қурилиш майдончасида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланиб, дастлабки бетон ишларига расман старт берилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атом энергиясини ривожлантириш агентлиги ва «Росатом» атом энергияси бўйича давлат корпорацияси ўртасида атом ва унга ёндаш соҳалардаги ҳамкорлик бўйича Йўл харитаси, шунингдек, Ўзбекистон Республикасида интеграциялашган атом электр станциясини қуриш бўйича Шартномага доир келишув имзоланди.

Ҳужжатни «Ўзатом» агентлиги директори Азим Ахмедхаджаев ва «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв имзоладилар.

Шу билан биргаликда Жиззах вилояти Фориш туманидаги АЭС қурилиш майдончасида RITM-200N реакторига эга кам қувватли атом электр станцияси энергоблокини барпо этиш доирасида дастлабки бетон ишларини бошлашга бағишланган маросим бўлиб утди.

Маълум қилинишича, ҳозирги вақтда реактор биноси остига бетон асос тайёрлаш ишлари амалга оширилмоқда. Ушбу босқични 2026-йил апрель ойида якунлаш режалаштирилган. Жами 900 м³ га яқин бетон қоришмаси ётқизилади. Ишлар якунида реактор биноси пойдевори учун гидроизоляция ва ерга улаш тизимига эга асос тайёрланади.

Шунингдек, станциянинг янгиланган конфигурациясини тасдиқловчи контрактга доир битим имзоланди:

• 3+ авлодга мансуб VVER-1000 реакторларига эга иккита энергоблок;

• RITM-200N реакторларига эга иккита энергоблок (ҳар бири 55 МВт).

Станция тўлиқ қувват билан ишга тушгач, йилига қарийб 15,4 млрд кВт·соат электр энергияси ишлаб чиқаради — бу Ўзбекистондаги умумий электр энергияси истеъмолининг 15 фоизидан ортиғини ташкил этади.

Бу ишлар лойиҳанинг ишонч билан амалга оширилаётганини ва яқин келажакда Ўзбекистон тарихидаги энг йирик энергетика лойиҳасини жисмонан барпо этишнинг фаол босқичига ўтилишини англатиши билдирилди.

Ўзбекистон