Сурхондарёда картошка кўринишида яширинган 72 кг наркотик модда фош қилинди

Сурхондарё вилоятида картошка ниқоби остида, катта миқдорда наркотик моддаларни чегарадан олиб ўтиш ҳолати аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Термиз туманида яшовчи, 2001 й.т. фуқаро бошқарувидаги MAN русумли юк автотранспорт воситаси Афғонистондан «Термиз-автомобиль йўли» халқаро ўтказиш пунктига кириб келган вақтда Чегара қўшинлари ва Божхона идоралари ходимлари ҳамкорлигида кўрикдан ўтказилган.

Автомашина юкхонасида картошка маҳсулотлари борлиги маълум бўлди. Ушбу қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари синчковлик билан текширилганда эса, уларнинг орасига худди картошка кўринишида ясалган 222 дона бўлакдан иборат, жами 72 кг 300 гр «гашиш» моддаси яширилганлиги аниқланди, — дейилади хабарда.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу катта миқдордаги гиёҳвандлик воситалари Россия Федерациясига олиб кетилаётган бўлган. Ҳозирда ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Ўзбекистон