Тошкентда Миллий дендрология боғи барпо этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида 2026-2030 йилларга мўлжалланган устувор умуммиллий лойиҳалар юзасидан тақдимот билан танишди.

Хусусан, атмосфера ҳавосининг сифатини яхшилаш, шаҳар ва ҳудудларда яшил майдонларни кенгайтириш, экологик таълим ва маданиятни юксалтириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашишнинг илмий ва амалий асосларини мустаҳкамлашга қаратилган ташаббуслар кўриб чиқилди. Аввало, «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳаси доирасида режалаштирилган ишлар ҳақида ахборот берилди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Тошкент шаҳрида ҳавонинг ифлосланиш даражаси белгиланган меъёрдан юқори бўлиши ҳолатлари кузатилмоқда. Бу Навоий, Фарғона, Чирчиқ ва Термиз шаҳарларида ҳам қайд этилмоқда. Ҳаво ифлосланишининг асосий омиллари сифатида саноатнинг ўсиши, углерод ёқилғиларидан кенг фойдаланиш, транспорт воситалари сонининг кўпайиши, табиий омиллар ва назоратнинг етарли эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.

Пойтахтда Миллий дендрология боғини барпо этиш концепцияси ҳам тақдимот қилинди. Ушбу йирик яшил ҳудуднинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган. Парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даражага пасайтириб, намликни 10-15% ошириши мумкин, — дейилади хабарда.

Миллий дендрология боғи фақат кўкаламзор ҳудуд эмас, балки илмий, маърифий ва жамоат макони сифатида ҳам шакллантирилиши билдирилди. Унда «Дунё дарахтлари» ҳудуди, 6 та иқлим минтақасига хос ўсимликлар коллекцияси, мевали ва маҳаллий дарахтзорлар, доривор ўсимликлар боғи, оранжерея, гулзорлар, дам олиш майдонлари, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, автотураргоҳ, ташриф буюрувчиларни кутиб олиш майдони барпо этилади.

Боғнинг марказий қисмида 1 гектарлик сунъий кўл ва унинг атрофида сакура боғи ташкил қилиш режалаштирилган. Парк инфратузилмасида қуёш панеллари, қайта ишланган материаллардан тайёрланган скамейка ва беседкалар, автоматлаштирилган томчилатиб суғориш тизими каби замонавий экологик технологиялардан фойдаланиш кўзда тутилган. Бу ер Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгариши университети («Green University») учун табиий лаборатория, аҳоли учун эса биотуризм ва экотаълим марказига айланиши таъкидланди.

Ўзбекистон