Ўзбекистоннинг олтин захиралари қиймати йил бошидан бери $67,7 млрдга етди
Ўзбекистонда 2026 йил 1 март ҳолатига кўра олтин захиралари қиймати 67,7 млрд АҚШ долларини ташкил этди, деб хабар берди Марказий банк матбуот хизмати.

Қайд этилишича, бу кўрсаткич йил бошидаги 55,1 млрд долларга нисбатан сезиларли ошган.
Шу даврда олтиннинг жисмоний ҳажми ҳам 12,6 млн трой унциядан 13,1 млн трой унцияга етди. Олтин нархининг халқаро бозорларда ошиши захиралар қийматининг кенгайишига сезиларли таъсир кўрсатди, — дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, олтин иқтисодий ноаниқлик ва геосиёсий беқарорлик даврларида муҳим хавфсиз ва стратегик захира активи ҳисобланади. У узоқ муддатли даврда қийматини сақлаб қолувчи юқори ликвидли актив ва захираларни диверсификация қилиш воситаси бўлиб, кредит ёки контрагент таваккалчилигига эга эмас, шунингдек инфляция ва валюта қадрсизланишига қарши табиий ҳимоя воситаси сифатида хизмат қилади.





