Ўзбекистонда экология муҳофазаcи бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган лойиҳа тасдиқланди

Ўзбекистон экологиясини асраш, ҳаво сифатини яхшилаш ва чўлланишга қарши курашиш бўйича 2026–2030 йилларга мўлжалланган умуммиллий лойиҳа тасдиқланди.

Эслатиб ўтамиз, президент Шавкат Мирзиёев 23 март куни экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги устувор лойиҳалар юзасидан тақдимоти билан танишган эди.

Шу муносабат билан 2030 йилга қадар атмосферага чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини қисқартириш, саноат объектларида ташламаларни ушлаб қолиш улушини ошириш, транспортдан чиқадиган зарарли моддаларни камайтириш ҳамда PM2,5 бўйича меъёрдан ошиш кузатиладиган кунлар сонини пасайтириш асосий мақсадлар этиб белгиланган.

«Тоза ҳаво» лойиҳасида энергетика ва саноат тармоқларига алоҳида эътибор қаратилган. Маҳсулотининг маълум қисмини муқобил энергия ҳисобига ишлаб чиқарадиган корхоналарга солиқ имтиёзлари ва молиявий рағбатлар бериш, автоматик мониторинг станциялари, фильтрлар, чанг-газ тозалаш ҳамда энергия самарадор ускуналарни кенг жорий этиш кўзда тутилган.

Хусусан, 2026 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри ва унга туташ ҳудудларда янги иссиқхона ташкил этишни чеклаш, шу билан бирга, кўчирилаётган хўжаликларга инфратузилма, кредит ва логистика бўйича имтиёзлар бериш назарда тутилмоқда.

Тақдимотда «Яшил макон» доирасида ботаника ва дендрология боғлари концепцияси юзасидан ахборот берилди. Қайд этилганидек, ботаника боғлари маҳаллий ва хорижий ўсимликларни ўрганиш, сақлаш, кўпайтириш ва намойиш этишга хизмат қилса, дендрология боғлари дарахт ва бута турларини интродукция қилиш, акклиматизация қилиш ва илмий асосда парваришлашга ихтисослашган ҳудудлар ҳисобланади. Концепцияга кўра, ботаника боғларида турли флористик экспозициялар, оранжерея, кўчатхона, кўл, ички йўлаклар, беседка ва гулхона каби объектлар жойлаштирилади.

Ҳозирги кунда мамлакатда 3 та ботаника боғи мавжуд бўлса, лойиҳа доирасида яна 12 та ботаника ва 16 та дендрология боғини ташкил этиш режалаштирилган. Бу жараёнда ҳар бир ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароити ҳисобга олиниб, мос дарахт ва буталар танланади.

Шунингдек, 2028 йилга қадар Қорақалпоғистон Республикаси, барча вилоятлар ва Тошкент шаҳрида майдони 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш режа қилинган. Натижада 2030 йилгача мамлакатда умумий яшиллик даражасини 14,2 фоиздан 30 фоизгача ошириш, PM2,5 ва PM10 концентрациясини 20-25 фоизга камайтириш, иқлими оғир ҳудудларда ҳаво ҳароратини ўртача 1,5-2 даражага пасайтириш мақсад қилинган.

Шу билан бирга, пойтахтда Миллий дендрология боғини барпо этиш концепцияси ҳам тақдимот қилинди. Ушбу йирик яшил ҳудуднинг умумий майдони 108 гектарни ташкил этиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 50 минг туп дарахт кўчати ва 100 минг туп бута ўсимликлари экилиши назарда тутилган.

Қайд этилишича, парк биологик хилма-хилликни сақлаш, ҳаво сифатини яхшилаш, углерод ютилишини ошириш, илмий тадқиқот ва селекция ишларини йўлга қўйиш, шунингдек, шаҳар микроиқлимини соғломлаштиришга хизмат қилади. Боғ ҳаво ҳароратини 2-4 даражага пасайтириб, намликни 10-15 фоизга ошириши мумкин.

«Экомаданият» умуммиллий лойиҳаси доирасида экологик таълим, илм-фан ва тарғиботни бир-бирига боғлаган ҳолда янги тизим яратиш режалаштирилган.

Мазкур соҳада халқаро стандартларга мос мутахассислар етишмаётгани, аҳоли ўртасида экологик онг ва барқарор одатлар ҳали етарли даражада шаклланмагани, инновация ва иқлим технологияларини амалиётга жорий қила оладиган кадрлар тақчиллиги мавжудлиги қайд этилди. Шу муносабат билан 2026/2027 ўқув йилидан бошлаб 14 та ҳудудда «яшил техникумлар» ташкил этилиб, улар «Green University» тизимига академик ҳамкорлик асосида бириктирилади.

Бундан ташқари, «шамол йўлаклари»ни сақлаш, экологик экспертиза хулосасини қурилиш жараёнларида мажбурий ҳисобга олиш, шаҳарнинг экологик ва сув ресурсларини бошқариш бўйича мастер-режа ишлаб чиқиш таклиф этилди. Табиий чанг омилларини камайтириш бўйича ҳам аниқ чоралар белгиланган.

Тошкент шаҳри атрофида «яшил белбоғ» барпо этиш, Сурхондарё ва Сирдарёда чанг бўронларининг олдини олиш учун «яшил девор»лар ташкил қилиш, сунъий кўллар ва сув ҳавзаларини барпо этиш, пойтахт туманларида фаввораларнинг сонини кўпайтириш, баргларни компост ва мульча сифатида қайта ишлаш амалиётини йўлга қўйиш шулар жумласидандир. Буларнинг барчаси ҳаво таркибидаги чанг заррачаларини камайтириш ва шаҳар муҳитини соғломлаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Ўзбекистон