Ўзбекистон ҳаво ифлосланиши бўйича топ-10 та давлат қаторига кирди
Ўзбекистон 2025 йилда ҳаво ифлосланиш даражаси бўйича 143 та мамлакат орасида 10‑ўринни эгаллади. Бу ҳақда дунё ҳаво сифатини кўрсатувчи IQAir’нинг йиллик ҳисоботида маълум қилинди.

Мазкур ҳисоботда, 143 мамлакат, минтақа ва ҳудуддаги 9446 та шаҳардаги мониторинг станциялари маълумотларини таҳлил қилинган.
Маълумотларга кўра, дунё шаҳарларининг атиги 14% Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг PM2.5 даражаси бўйича йиллик 5 мкг/куб метр стандартига жавоб берган. Энг ифлосланган давлатлар бешлигига Покистон, Бангладеш, Тожикистон, Чад ва Конго Демократик Республикаси кирган.
Шунингдек, энг ифлосланган шаҳар Лони (Ҳиндистон) бўлиб, у ерда ўртача йиллик PM2.5 концентрацияси 112,5 мкг/м3 ни ташкил этган. Бу 2024 йилги даражадан деярли 23% ва ЖССТ стандартидан 22 баравар юқори.
Шу билан бирга, дунёдаги энг тоза шаҳар Ниувудвил (Жанубий Африка) бўлиб, у эрда ўртача йиллик PM2.5 концентрацияси 1,0 мкг/м3 ни ташкил этди.
Тошкент эса дунёнинг 124 та пойтахти орасида 12-ўринни эгаллади.





