Тошкентда халқаро молия маркази ташкил этилади

Президент Шавкат Мирзиёев 25 март куни Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш, Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини йўлга қўйиш ҳамда банк тизимида исломий молия механизмларини жорий қилиш бўйича тақдимот билан танишди.

Кўплаб халқаро компаниялар минтақавий хавф-хатарларни баҳолаб, янги бозорларни ўрганишни бошлаган. Бу биз учун тарихий имконият. Шу вазиятда фурсатни бой бермасдан, халқаро молия компанияларини ўзимизга тезроқ жалб қилишимиз шарт, – деди президент.

Жорий йилда 50 млрд доллардан зиёд инвестиция жалб қилиш мақсадига эришиш учун инвесторларнинг Ўзбекистон бозорига киришини енгиллаштириш, уларга замонавий инфратузилма, халқаро стандартларга мос ҳуқуқий режим, қўшимча қулайликлар ва энг муҳими, ишончли ҳамда шаффоф бизнес муҳитини таъминлаш зарурлиги билдирилди.

Шу боис, тақдимотда мамлакат инвестициявий жозибадорлигини янада оширишга қаратилган учта устувор йўналиш: халқаро молия ва рақамли технологиялар марказларини ташкил этиш ҳамда исломий молия хизматларини жорий қилиш масалалари кўриб чиқилди.

Жумладан, Тошкент халқаро молия маркази янги турдаги инвестицияларни жалб қилиш ва барқарор иқтисодий ўсишнинг самарали воситаси бўлиши қайд этилди.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилгача молия маркази иқтисодиётга қўшимча 20-25 млрд доллар жалб қилиш, ялпи ички маҳсулот ўсишига ҳар йили қўшимча 1% ҳисса қўшиш, 15 мингтагача янги юқори малакали иш ўрни яратиш, 10 минг нафар мутахассис малакасини оширишга хизмат қилиши мумкин.

Марказ резидентлари учун капиталнинг эркин ҳаракати ва репатриацияси, эркин валюта операциялари, замонавий тўлов воситалари, жумладан, рақамли активлар билан ишлаш, имтиёзли солиқ режими, соддалаштирилган виза тартиби каби кенг имкониятлар яратилиши белгиланган.

Тақдимотда 2030 йилгача мазкур марказ орқали 1 мингтагача компанияни жалб қилиш, 300 мингдан зиёд иш ўрни яратиш ва 5 миллиард долларлик экспорт салоҳиятига чиқиш мақсади белгилангани айтилди. Бир қатор йирик халқаро технологик компаниялар ушбу ташаббусга қизиқиш билдиргани қайд этилди.

Шунингдек, мамлакатда исломий молия хизматларини жорий қилиш масаласи кўриб чиқилди.

Соҳада тизимли бошқарувни таъминлаш мақсадида Марказий банк ҳузурида Исломий молия кенгаши ташкил этилади.

Натижада, исломий молия хизматларини кўрсатувчи банкларда ҳам алоҳида кенгашлар тузилади. Ушбу кенгашлар стандартлар ишлаб чиқиш, меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлашда кўмаклашиш, баҳсли масалаларга изоҳ бериш, шартномалар ва ички ҳужжатларни кўриб чиқиш, мувофиқлик устидан назоратни таъминлаш билан шуғулланади.

Жорий йилда камида битта тижорат банкида исломий «дарча» фаолиятини йўлга қўйиш, 2026-2030 йилларда эса тўлиқ исломий банк фаолиятини амалга оширувчи иккита банк ташкил этиш режалаштирилгани билдирилди.

Ўзбекистон