Ўзбекистонда Амударё орқали 10 кг «гашиш» воситасини олиб ўтган афғонистонлик ушланди
Афғонистондан Ўзбекистонга контрабанда қилинган катта миқдордаги наркотик моддалар тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.

Хусусан, Афғонистоннинг Қундуз вилоятида яшовчи, 1974 й.т. шахс давлат чегарасини бузган ҳолда, Амударёдан қайиқда сузиб ўтган вақтида қўлга олинади.
Унинг ёнида бўлган 2 та қопнинг ичида эса жами 10 дона ўрамда, соф оғирлиги 10 кг 354 гр бўлган «гашиш» гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланади.
Ҳозирда ДХХ Сурхондарё вилояти бўйича бошқармаси Тергов бўлими томонидан қонунбузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Шунингдек, тергов ҳаракатлари доирасида ушбу жиноятга алоқадор бўлган шахслар аниқланаётгани билдирилди.




