Хивада тадбиркор фойдасига салкам 275 млн сўм маблағ ундириб берилди

Хоразм вилояти Хива туманида тадбиркор фойдасига салкам 275 миллион сўм маблағ ундириб берилди. Бу ҳақда Мажбурий ижро бюроси «Tez News»га хабар берди.

Маълум қилинишича, Мажбурий ижро бюросининг Хива туман бўлими иш юритувида Тошкент туманлараро иқтисодий судининг ижро варақасига асосан қарздор «Хоразм барака савдо» масъулияти чекланган жамиятидан ундирувчи «Биззон текс» масъулияти чекланган жамияти фойдасига 273 725 000 сўм қарздорлик ундириш тўғрисидаги ижро мавжуд бўлган. Мазкур ҳужжатлар бўлим иш юритувига келиб тушгандан сўнг давлат ижрочиси томонидан белгиланган тартибда «Ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинган.

Қайд этилишича, қарздор томонидан ихтиёрий муддатда ҳужжат талаби бажарилмаганлиги сабабли ушбу ҳужжат ижросини таъминлаш мақсадида қарздорнинг банкдаги ҳисоб рақамлари аниқланган ҳамда инкассо топшириқномаси қўйилган.

Шундан сўнг давлат ижрочиси томонидан олиб борилган ҳаракатлар натижасида қарздордан ижро варақаларда кўрсатилган 273 725 000 сўм қарз суммаси тўлиқ ундирилиб, тадбиркорлик субъектлари фойдасига йўналтирилиши таъминланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Aндижонда цех биносининг бузилган қисми учун фуқарога 325 миллион сўм компенсация пули ундириб берилгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, Тошкентда фуқаро фойдасига 43 миллион сўмдан ортиқ моддий зарар ундириб берилгани маълум қилинганди.