Ургутдаги «Сойгузар» маҳалласидан ўтувчи сойга чиқинди ташланаётганлиги юзасидан муносабат билдирилди

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти Ургут тумани Ғус қишлоғи «Сойгузар» маҳалласидан ўтувчи сойга чиқиндилар ташланаётганлиги тўғрисидаги маълумот тарқаган эди. Бу ҳақида вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати хабар берди.

Фото: вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси

Мазкур ҳолат юзасаидан 11 август куни Самарқанд вилоят Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ходимлари томонидан ўрганиш олиб борилган. Ҳақиқатда ҳам, мазкур белгиланмаган ҳудудда маҳаллий аҳоли томонидан турли ҳилдаги маиший чиқиндилар ташланаётганлиги маълум бўлган.

Туман «Тоза ҳудуд» ДУКнинг махсус техника воситалари ёрдамида ҳолат бартараф этилган. Шунингдек, сой бўйида яшовчи маҳаллий аҳоли чиқиндиларни белгиланмаган жойларга ташламасликлари бўйича тушунтириш ишлари олиб борилган.

Аввалроқ аҳоли мурожаатидан сўнг Асакадаги чиқинди тўпланиб қолган ҳудуд тозалангани, Улуғнорда 600 гектар майдонда «Ёшлар боғи» ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Шунингдек Олтиариқда «Дарахтларни суғориш ҳафталиги» доирасида 38 та қабристондаги дарахтлар суғорилган эди.

Янгиликлар