Саудияда миллион киши яшайдиган машиналарсиз шаҳар қурилади — видео

Саудия Арабистони ҳукумати ҳеч қандай йўл ва автомобиль бўлмайдиган, CО2-нейтрал шаҳар барпо этилишини эълон қилди. Бу ҳақда «Arab News» хабар берди.

Фото: «SPA»

Таъкидланишича, бу лойиҳанинг амалга оширилишини валиаҳд шаҳзода Муҳаммад Ибн Салмон назорат қилади. «The Line» номли миллион киши яшаши режалаштилган шаҳар 170 километр узунликда қурилади. Янги шаҳарда 380 минг иш ўрни яратилиши кўзда тутилган.

«The Line» Саудия Арабистонининг шимоли-ғарбий қисмида жойлашган Табук ва «ақлли» Неом шаҳри орасида қурилади. Қизил денгиз қирғоғи бўйлаб 460 километрга чўзиладиган Неом шаҳри 26,5 минг квадрат километрни ташкил қилади. Шаҳар иқлими нейтрал ҳолатда бўлади ва барча энергия қайта тикланадиган манбалардан олинади.

Кадр: YouTube

Шаҳар уч қатламда қурилади. Юза қатламда турар жой бинолари, шунингдек, мактаб, клиника, боғ ва кўнгилочар масканлар каби ҳаёт учун зарурий инфратузилмалар жойлашади. Биринчи ерости сатҳи бўйлаб хизмат автомобиллари ҳаракатланади, иккинчиси бўйлаб сунъий интеллект билан бошқариладиган «ультратезкор» транспортлар ўрин олади. Таъкидланишича, шаҳарнинг бир нуқтасидан исталган бошқа нуқтасигача 20 дақиқадан камроқ вақт ичида етиб борилади.

Шаҳзоданинг сўзларига кўра, шаҳарни қуришдан мақсад нафақат атроф-муҳитга ғамхўрлик қилиш, балки инсонларни ҳам ўйлашдан иборат. 2050 йилгача бутун дунёда 1 миллиард инсон кам ифлосланган ҳудудлардан ўзига бошпана қидиришни бошлайди. Шунингдек, шаҳзода экологик вазият ёмонлашгани сабаб ўлим ҳолатлари ортаётганини айтиб ўтган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, «яшил» шаҳарни қуриш учун 100–200 миллиард доллар керак. Маблағларнинг асосий қисми Саудия Арабистони суверен бойлик фондидан олинади.

Маълумот учун, 2024 йилга келиб, Берлинда автоуловсиз майдон пайдо бўлади. Аммо у ҳажми жиҳатдан анча кичик бўлади. Унинг майдони атиги 16 гектарни ёки 0,16 квадрат километрни ташкил қилади. Майдонда фақат велосипедда ва скутерда юришга рухсат берилади.

Янгиликлар