Ўзбекистонда айрим тоифа ўқитувчиларга қўшимча устама тўланади

Ўзбекистонда 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб Халқ таълими вазирлиги тизимидаги умумий ўрта таълим муассасаларида фаолият олиб борувчи айрим тоифа ўқитувчиларга қўшимча устама тўланади.

Мaълум қилинишича, Президентнинг «2022–2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида»ги фармони қабул қилинган. Унга кўра,  умумтаълим фанлари бўйича тегишли даражадаги сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама қуйидаги тартибда тўланади:

  • халқаро тан олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • халқаро стандартлар талабларига жавоб берадиган миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида. Бунда, миллий баҳолаш тизимининг халқаро стандартлар талабларига жавоб бериши ваколатли халқаро ташкилотлар томонидан тасдиқланган бўлиши лозим;
  • мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида (чет тили бўйича сертификатлар бундан мустасно);

Қайд этилишича, мазкур банднинг тўртинчи хатбошисида кўрсатилган талабларга мувофиқ бўлмаган Давлат тест марказининг миллий баҳолаш тизимида чет тили бўйича олинган сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама:

  • 2025 йил 1 январга қадар – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 50 фоиз миқдорида;
  • 2025 йил 1 январдан бошлаб – уларнинг тариф ставкасига нисбатан 20 фоиз миқдорида тўланади;

Хабарда, шунингдек, ҳар ойлик қўшимча устама сертификат амал қилиш муддати давомида, лекин уч йилдан кўп бўлмаган вақт мобайнида, умумтаълим фанлари бўйича бир нечта сертификатга эга бўлган педагог кадрларга ҳар ойлик қўшимча устама юқорироқ устама олиш ҳуқуқини берувчи сертификат бўйича тўланиши таъкидланган.

Янгиликлар