Тунда Амир Темур ҳиёбонида 200га яқин аҳоли тўплангани бўйича расмий маълумот берилди — видео

Ижтимоий тармоғда тарқалган Амир Темур ҳиёбонида кўплаб фуқаролар тўпланганлиги акс этган видеотасвир юзасидан Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси расмий маълумот берди.
Хабарга кўра, 13 июль куни тахминан соат 22:30 ларда Тошкент шаҳрига Instagram ва Youtube ижтимоий тармоқларида Субо номи билан танилган блогер – 1999 йилда туғилган Россия фуқароси Мамедов Субхан Мурад угли ташриф буюрган. Бундан олдинроқ у ўзининг саҳифасида тез орада Тошкентда бўлишини ва обуначилари билан учрашиб, уларга пул тарқатишини маълум қилган. Пойтахтнинг Амир Темур ҳиёбонида Мамедов С.ни кутиб олиш учун 150-200 га яқин фуқаро йиғилган.

«Ҳозирги кунда эпидемиологик вазиятни инобатга олиб, юртимизда карантин чекловлари ўрнатилганлиги сабабли, ички ишлар органлари ва Миллий гвардия ходимлари томонидан фуқароларга карантин қоидаларига риоя этишлари ҳамда оммавий равишда тўпланмасликлари тушунтирилган ва фуқаролар тарқатилган», — дейилади хабарда.

Қайд этилишича, блогер билан профилактик суҳбат ўтказилган ҳамда мазкур воқеада қонун бузилиши ҳолатлари ва тартибсизликлар юз бермаган.

Шунингдек, Тошкент шаҳар ИИББ фуқаролардан бундай мазмундаги чақириқларга учмасликларини ва карантин қоидаларига риоя этган ҳолда оммавий равишда тўпланмасликларини сўраб қолади.

Янгиликлар