Бухоролик мактаб ўқувчиси яратган дастурлар таълим тизимига татбиқ этилди

Бухоро вилояти Ғиждувон туманидаги 5-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб интернатининг 11-синф ўқувчиси Диёрбек Толибов дастурчилик йўналишидаги илк ютуғини 2017 йилда қўлга киритган. Ҳозирда у юратган дастурлар қўлланилмоқда, деб ёзади «ЎзА».

Фото: «ЎзА»

Диёрбек устозининг маслаҳатига таяниб яратган таълимий дастури «Энг яхши ахборот-таълим ресурслари» танловининг республика босқичида 1-ўринга лойиқ топилди.

«Ушбу дастур 4-синф ўқувчиларига мўлжалланган, – дейди Диёрбек. – Унда, асосан, математика дарслигидан ўрин олган ‘Тезлик. Вақт. Масофа’ бўлимларидаги масалаларни ечишга кўмаклашувчи кўргазмалар тўплами жамланган. Ўқувчилар бу масалаларни китобдан ўқиганда тўлиқ тасаввурга эга бўлолмасликлари мумкин. Мен ана шу жиҳатни эътиборга олган ҳолда бўлимдаги 36 та масаланинг ҳар бири учун алоҳида-алоҳида овозли анимациялар яратишга ҳаракат қилдим. Бу ўқувчи онгида берилган масала юзасидан аниқ тасаввур ва тушунча ҳосил бўлишида ёрдам беради. Дастур, шунингдек, қўшимча имкониятлар билан ҳам бойитилган. Масалан, ўқувчи масалани ечишга қийналганида ёрдам олиши ёки математик амалларни бажариш тезлигини ҳамда аниқлигини текшириб кўриши мумкин. Турли тренажёрлар ва қизиқарли интеллектуал ўйинлар орқали эса дам олиш дақиқаларини мароқли ўтказиш имкониятига эга», — дейди у.

Фото: «ЎзА»

Айни пайтда Диёрбекнинг отаси ва устози, тумандаги 10-мактабнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича директори ўринбосари Баҳодир Сатторов ҳамкорлигида яратган ана шундай натижавий таълим дастурлари сони ўндан ошди. Энг эътиборли жиҳати, дарс жадвали, дарс жараёнида ўқувчиларни ва гуруҳларни баҳолаш, дарсларда интерфаол усуллардан фойдаланишга қаратилган мазкур дастурлар таълим соҳасида кенг қўлланилмоқда.

Қолаверса, «One million uzbek coders» (Бир миллион ўзбек дастурчилари) лойиҳаси доирасида дастурлаш йўналишида маҳорат сабоқларини ўтаб келаётган Диёрбек ҳамкорликда фан ўқитувчилари ва тайёрлов курси ўқитувчилари учун зарур бўлган бир қанча дастурлар устида ҳам иш олиб бормоқда.

Аввалроқ андижонлик мактаб ўқувчиси 1,5 минг долларлик дастурлаш курсига грант ютиб олгани хабар қилинган эди. 

Янгиликлар