Aндижонлик мактаб ўқувчиси 1,5 минг долларлик дастурлаш курсига грант ютиб олди

Халқ таълими ҳамда Aхборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги IT-park ҳамда «Dubai Future Foundation» билан ҳамкорликда ўтказилган «Бир миллион ўзбек дастурчилари» танлови натижаларига кўра, андижонлик мактаб ўқувчиси 1,5 минг AҚШ долларилик курсга грант ютиб олди. Бу ҳақда «O‘zbekiston 24» телеканалидаги лавҳада маълумот берилди.

Хабарда айтилишича, лойиҳада иштирокчилар IT ва янги технологиялар бўйича ташаббускорлиги, бошқа иштирокчиларни руҳлантириш, уларга платформадан фойдаланишда ва ўқув материалларини ўзлаштиришда, шунингдек, лойиҳанинг Telegram гуруҳларида, ижтимоий тармоқларда ёрдамига кўра баҳоланган.

«Мен ‘Бир миллион ўзбек дастурчилари’ лойиҳасининг ‘nanodegree’ гранти соҳибиман. Карантин пайтида ижтимоий тармоқларнинг бирида бир миллион ўзбек дастурчиларини тайёрлаш ва уларга бепул дарслар бериш ҳақида ўқиб қолдим. Шундан сўнг ‘uzbekcoders.uz’ сайтидан рўйҳатдан ўтдим ва ўзимнинг қизиққан йўналишимдан келиб чиқиб, ‘Full Stuck’ йўналишини танладим. Қисқа вақт ичида ушбу йўналишдаги бепул курсларни тугатдим ва ‘Nanodegree’ гранти учун бўлиб ўтадиган имтиҳонга ёзилдим. Имтиҳон натижаларига кўра, битирувчиларнинг энг яхши 50 талигига кирдим. Мактаб битирувчилари тоифаси бўйича энг яхши 3 таликка кирдим», — дейди мактаб ўқувчиси Маврур Ҳайитбоев.

Маврур Ҳайитбоевнинг сўзларига кўра, «One million uzbek coders»дан олган билим ва тажрибалари ҳозирда унга дастурлаш учун катта ёрдам бермоқда. Бундан ташқари, лойиҳа давомида орттирган дўстлари билан ўзаро билим алмашиб, турли лойиҳалар тайёрламоқда.

«Ушбу лойиҳа туфайли ўз орзумга катта қадам ташладим, деб айтоламан. Дастурлашга қизиқиши бўлган барча тенгдошларимни ҳозироқ ушбу дарсларга ёзилишини ва дастурлашни ўрганишни бошлашини сўраб қолган бўлардим», — дея қўшимча қилади ўқувчи.

Маълумот учун, «Бир миллион ўзбек дастурчилари» лойиҳаси 2019 йилнинг 21 ноябрида ишга туширилган. Лойиҳа мақсади — ўзбек тилидаги онлайн платформа курслари орқали ўзбек ёшларига ахборот технологияларини ўргатиш, ёш дастурчилар етиштиришдир. Онлайн платформада 4 таълим йўналиши бўйича курслар ташкил этилади, булар:

  • Android дастурлаш;
  • Full Stack Development;
  • Frontend Development;
  • Маълумотлар таҳлили.

Таъкидланишича, бу курсларда ўқиш 120 соатни ташкил этади, ҳар битта босқич якунида ўқувчилар уй ишлари ва лаборатория ишларини бажариб, онлайн топширади. Ва бунда уларга махсус сертификатлар топширилади.

Онлайн курслар 2012-йилда Aмериканинг Стенфорд университети ахборот технологиялари, дастурлашни кенг ривожлантириш учун ташкил этилган «Udacity» компанияси ўқув курслари асосида ташкил этилади. Яъни у ердаги курслар ўзбек тилига таржима қилинган бўлади. Ушбу онлайн курсларни муваффақиятли тугатган ўқувчилар «Udacity» платформасидаги бошқа 100 дан ортиқ «Nanodegree» дастурларида таълимни давом эттира олади.

Аввалроқ ўзбекистонлик ўқувчилар Халқаро кимё олимпиадасида кумуш ва бронза медалларни қўлга киритгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар