Ўзбекистондан 19 нафар ходим Япониянинг етакчи университетларига ўқишга юборилади

Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида Ўзбекистондаги хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида меҳнат қилаётган кадрлар 2020-2021 йилларда Япония етакчи университетлари магистратураси ва докторантурасида ўқиши учун юборилади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Маълум бўлишича, 2020 йил 12 август куни «Ўзбекистон Республикаси вакилларининг ўқишини ташкил этиш учун Япония ҳукумати грантидан самарали фойдаланиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ҳукумат қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) кўмагида Ўзбекистон вакилларининг 2020-2021 йилларда Япония етакчи университетлари магистратураси ва докторантурасида ўқиши учун Япония ҳукумати томонидан 263 миллион япон иенаси (8 миллион АҚШ доллари эквивалентида) миқдорида грант ажратилган.

Таъкидланишича, ушбу грантлар асосида ўқиш учун (магистратурада 18 нафар ва докторантурада 1 нафар) талабгорлар давлат бошқаруви органлари, хўжалик бирлашмалари, маҳаллий давлат ҳокимияти органларида меҳнат қилаётганлар орасидан танлаб олинади. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигига Япония томони билан келишган ҳолда лойиҳани амалга ошириш доирасида грант олиш ва унга хизмат кўрсатиш билан боғлиқ тартиботларни расмийлаштириш юклатилди, дейилади хабарда.

Маълумот учун, JICAнинг «Кадрлар тайёрлаш учун стипендиялар тақдим этиш лойиҳаси» доирасида ўтган 2 йил давомида 34 нафар Ўзбекистон вакиллари Япониянинг етакчи университетларига ўқишга юборилган.

Аввалроқ Япония ва Марказий Осиё давлатларида озиқ-овқат тақчиллигини юмшатиш учун қишлоқ хўжалиги сектори қўллаб-қувватланиши ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар