Марғилонда 14 млрд сўмга қурилган «Тадбиркорлар уйи» 7 мингдан ортиқ тадбиркорга хизмат қилади

Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳридаги қиймати 14 миллиард сўм бўлган «Тадбиркорлар уйи»га борди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати «Tez News»га хабар берди.

Фото: Марғилон шахар ҳокимлиги матбуот хизмати

Маълум қилинишича, Фарғона вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Марғилон шаҳридаги «Тадбиркорлар уйи» фаолияти билан танишган. Бу ташриф шаҳарда рўйхатдан ўтган ҳолда фаолият олиб бораётган 7000 дан ортиқ тадбиркор мурожаатини ижобий ҳал этиш мақсадида ташкил этилган.

Ташриф давомида вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров Рақамли технологиялар марказида фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар билан мулоқот олиб борган. Унда вилоят раҳбари 30 дан ортиқ тадбиркорнинг муаммо ва таклифларини тинглаб, уларга аниқ ечим топиш ва ҳал этиш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.

Фото: Марғилон шахар ҳокимлиги матбуот хизмати

«Ушбу марказ вилоят ёшларини ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорлик фаолиятига кенг жалб қилиш, замонавий билим ва кўникмалари бериш ҳамда шу йўл билан уларни даромадини оширишга хизмат қилиши кишини қувонтиради, — дейди Хайрулло Бозоров марказ раҳбари билан суҳбатда.

Рақамли технологиялар ва иқтисод бўйича ягона марказлашган комплекс тизим яратиш ҳамда хизматлар тақдим этишга қаратилган 2,5 гектар майдонни эгаллаган ушбу марказнинг қурилишига маҳаллий бюджетдан 14 миллард сўм маблағ сарф этилган.

Бу марказда электрон ахборот ресурс маркази, 60 ўринли анжуманлар зали, музокаралар хонаси, видеостудия мавжуд бўлиб, ёшларга ахборот технологиялари ва электрон тижорат соҳасида инновацион тадбиркорлик асосларини ўргатиш, стартап лойиҳаларини қўллаб-қувватлашнинг механизмини яратиш, компьютер технологиялари, дастурлаш, робототехника ва киберспорт асосларини ўргатиш учун шароитлар яратилган. Шунингдек, марказда йил давомида 2 мингдан ортиқ мутахассисни тайёрлаш имконияти мавжуд.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган шаҳрида йил сўнгига қадар 43 миллиард сўмлик 18 та лойиҳа амалга оширилиши маълум қилинганди. Шунингдек, Бағдодда қиймати 19 миллиард сўм бўлган корхона ташкил этилиши хабар қилинганди.

Янгиликлар