Шаҳрисабзда онлайн дарслар учун очилган Telegram гуруҳга порно видео ташлаган ўқувчилар жазоланди

Шаҳрисабз тумани халқ таълими бўлимига қарашли мактабнинг ўқитувчиси Х.Д. туман ички ишлар бўлимига мурожаат қилиб, онлайн ўқув жараёнини олиб бориш учун ташкил этилган Telegram гуруҳга уланган телефон рақамидан турли порнографик видео ва фото материаллар ташланганлиги маълум қилди. Бу ҳақда «Postda» хабар бермоқда.

Хабарга кўра, фуқаро Х.Д. туман ИИБга қилган мурожаатида ўзига тегишли бўлган телефондан ўқувчиларини ўқитиш мақсадида Telegram’да алоҳида гуруҳ очгани, ушбу гуруҳда ўқувчиларга кунлик дарс вазифаларини бериб, онлайн ўқув жараёнини олиб борганини айтиб, 5 cентябрь куни гуруҳга уланган телефон рақамидан турли порнографик видео ва фото материаллар ташланганлигини маълум қилган.

Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари олиб борилганда туманнинг «Оқолтин» маҳалласида яшовчи фуқаро Ж.A. ушбу гуруҳда жияни бир неча ой олдин унинг қўл телефонидан фойдаланиб ўқиганлиги, шундан сўнг телефонида ушбу гуруҳ сақланиб қолганлиги ва, ҳақиқатдан ҳам, порнографик мазмундаги видеолавҳа ҳамда фото суратларни ташлаганлиги маълум бўлган.

Бундан ташқари, онлайн тарзда ўқиб келаётган ўқувчилар Б.М., Р.A. ҳамда Ф.Ж. ҳам гуруҳга турли хил порнографик видео ва фото материаллар ташлагани аниқланди. Фуқаро Ж.A. ҳамда бошқаларга нисбатан тўпланган ҳужжатлар маъмурий ишлар бўйича Шаҳрисабз туман судига юборилиб, тегишли чора кўрилган.

Эслатиб ўтамиз, Марҳамат туманида яшовчи фуқаро Х.Ф. Telegram мессенжерида порнографик материаллар тарқатгани учун 20 апрель куни туман маъмурий суди томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг уч баравари миқдоридаги жарима тортилгани ҳақида хабар берилганди.

Янгиликлар