Дунё бўйлаб 14 декабрь куни қуёш тутилиши кузатилади

Дунё бўйлаб 14 декабрь, душанба куни қуёшнинг тўлиқ тутилиши, шунингдек, астрономик ҳодиса давомида «қуёш тожи» кўриниши кузатилади. Бу ҳақда Москва планетарийси сайти маълумотларига таяниб, «РБК» хабар берди.

Фото: «iStock»

«Тутилишнинг тўлиқ босқичи пайтида ‘қуёш тожи’ни ўз кўзингиз билан кўришингиз мумкин бўлади», дейилади хабарда. Айтилишича, астрономик ҳодисанинг тўлиқ босқичини Чили ва Аргентина шимолида яшовчи аҳолининг бир қисми кузата олади. Шунингдек, Жанубий Америка, Полинезия, Антарктида ва Африкадаги бошқа мамлакатларда тутилиш қисман кўринади.

Маълумотларга кўра, Ой Қуёшни Тошкент вақти билан соат 19:25 дан бошлаб тўса бошлайди. Қуёш тутилишининг максимал фазаси эса 21:00 да кузатилади. Ўзбекистонликлар бу ҳодисани онлайн кузата олиши мумкин.

Маълумот учун, Қуёш ва Ой тутилиши ҳар олти ойда, Қуёш, Ой ва Ер бир қаторда турганда содир бўлади. Ой Қуёш ва Ер орасида турса, қуёш тутилиши, Қуёш ва Ой орасида Ер турса, ой тутилиши ҳодисаси кузатилади.

Аввалроқ Ерга рекорд даражада яқин масофадан кичик уй ҳажмидаги астероид учиб ўтгани ҳақида хабар берилган эди. Шунингдек, америкалик олим Ернинг музлаткич катталигидаги астероид билан тўқнашиши мумкинлигини айтган эди.

Янгиликлар